Туғилган кунга ваъда қилинган “LACETTI GENTRA”
Фото: Иллюстратив фото
Унинг йўлини пойлаган ғиждувонлик
шифокорнинг тарвузи қўлтиғидан тушди
Ҳаёт жуда мураккаб. Унинг саҳнасида, афсуски, одамийлик қиёфасини йўқотганлар ҳам бор. Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги қишлоқ оилавий поликлиникаларидан бирида шифокор вазифасида ишловчи Одил Сайфуллаев (исм-шарифи ўзгартирилган) ана шундай кимсага дуч келиб «чув» тушиб қолди. Гап бемор сифатида унинг ҳузурига келган Навбаҳор Сапарбаева ҳақида бормоқда.
Шифокор муолажасини олган бу аёл докторнинг ишонувчанлигидан фойдаланиш пайига тушди. Дастлаб кам таъминланганлар учун қурилаётган кўп қаватли уйлардан бирини унга олиб бера билишига шама қилди. Одилбой эса «Мен шукрки, кам таъминланган инсон эмасман.Тайинли ишим, ҳовли -жойим бор. Топиш-тутишим жойида» дейишни хаёлига ҳам келтирмади. Тили бурро аёлга уйнинг бошланғич бадали сифатида 18 миллион сўмдан зиёд пулни берди-қўйди.
Кунлар, ҳафталар ўтди. Шўрлик шифокорнинг шинамгина уйли бўлиш орзуси сўнмай туриб, Навбаҳор яна отга қамчи босди. «Туғилган кунингизга “LACETTI GENTRA” автомашинасини келтириб бераман!» деди. Одилбой яна ишонди. Автомашинанинг ҳам пулини берди.
Буёғини эшитсангиз, «Соддалик ҳам, ишонувчанлик ҳам эви биланда», дейишингиз тайин.Одилбой туғилган кунида эшиги олдида “LACETTI GENTRA” гижинглаган тойдай туришини кўз олдига келтириб, даврани кенгроқ олиш ташвишига тушди. Уйига фарзанду ёр-биродарларини чорлади. Тўкин дастурхон ёзди. Ўша куни ҳамма йўл пойлади, десак муболаға қилмаган бўламиз. Аммо гижинглаган тойнинг қораси кўринмади. Одилбойнинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Ахир кимлигини яхши билмаган аёл қўлига оз эмас, кўп эмас, 140 миллион 600 минг сўмни қўшқўллаб тутқазиш ҳазилакам гап эмас.
Ўзининг «чув» тушиб қолганини англаб етган шифокор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат этди. Иш судгача бориб етди. Бу орада Н. Сапарбаева фуқаро М. Шарипованинг ҳам ишончини суиистеъмол қилгани аниқланди.
— Навбаҳор Сапарбаеванинг жиноий ҳаракатлари дастлабки тергов органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 168-моддаси 3-қисмининг «б» банди билан тўғри малакаланган деб ҳисоблайди, — дейди мазкур ишни одилона кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди судьяси Б. Ачилов. — Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 33-моддасида, агар шахс содир этган қилмишда ушбу Кодекс Махсус қисми айни бир моддасининг турли қисмларида назарда тутилган жиноятларнинг аломатлари мавжуд бўлса, у модданинг оғирроқ жазо белгиланган қисми бўйича жавобгарликка тортилиши кўрсатилган.
Навбаҳор Сапарбаева Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисмининг «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга шу модда билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, бу фирибгар аёл илгари жиноят ишлари Ғиждувон туман судининг 2017 йил 19 июлдаги ҳукми билан жазоланган. Кейин шартли озод этилганди. Шу жазонинг шартлилиги бекор қилинди. Ушбу ҳукм билан тайинланган жазога қисман қўшиш йўли билан Н.Сапарбаевага узил-кесил 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилди.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг