Транспорт воситаси ҳайдовчилари томонидан доимий равишда қоидабузарлик содир этганлик учун жарима баллари ҳисоблаш тизимини жорий этилади — қонун лойиҳаси

12:23 28 Ноябрь 2023 Сиёсат
235 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Мажлисда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда йўл ҳаракати қоидаларини янада такомиллаштириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш, ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданиятини ошириш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини яхшилаш, йўл ҳаракатини ташкил этишни тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди.

Шу билан бирга, айрим ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик натижасида йўл-транспорт ҳодисалари сони ортиб бормоқда. Жумладан, транспорт воситасини мастлик ҳолатда бошқариш билан ҳайдовчи ўзининг ҳаракатини англай олмаслиги оқибатида оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлмоқда.

Айрим ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига беписандлик билан қараш, транспорт бошқариш маданиятига риоя қилмаслик, йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларига нисбатан ҳурматсизлик, транспорт воситасини кескин бошқариш ҳамда бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган «агрессив бошқариш» ҳолатлари кўпаймоқда.

Қонун лойиҳаси билан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, қўпол қоидабузарликлар содир этган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлган шахс томонидан транспорт воситасини такроран бошқариш учун жиноий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, транспорт воситаси ҳайдовчилари томонидан доимий равишда қоидабузарлик содир этганлик учун жарима баллари ҳисоблаш тизимини жорий этиш белгиланмоқда. Яъни, ушбу норма билан ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида ўн икки баллдан ошган ҳолларда охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Мазкур тартибга мувофиқ, ҳайдовчи бир йил давомида йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ ҳуқуқбузурликларни содир этиш йўли билан белгиланган миқдордаги жарима балларини тўплаган тақдирда унга нисбатан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси қўшимча жазо сифатида қўлланиши белгиланмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер