Трамп Эронга «ҳақиқий келишув» бажарилмаган тақдирда кенг кўламли зарбалар билан таҳдид қилди
Агар Теҳрон «ҳақиқий келишув»га амал қилмаса, АҚШ Эронни ўққа тутишни қайта бошлайди. Бу ҳақда Америка етакчиси Дональд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Республикачи Президент келишувга тўлиқ риоя қилинмагунча, Америка кемалари, самолётлари ва ҳарбий хизматчилари ўз ўринларида қолишини таъкидлади.
«Барча Америка кемалари, самолётлари ва ҳарбий ходимлари қўшимча ўқ-дори ва қурол-яроғлари билан бирга, Эрон ичида ва унинг атрофида эришилган ҳақиқий келишувга тўлиқ амал қилинмагунча ўз жойларида қоладилар. Агар бирор сабабга кўра бу содир бўлмаса — бунинг эҳтимоли жуда кам бўлса-да — у ҳолда олдингидан кўра кенг кўламлироқ, такомиллашган ва кучлироқ «отишма бошланади», — деб ёзди Трамп.
Америка етакчисининг сўзларига кўра, барча «сохта риторикаларга» қарамай, мамлакатлар ўртасидаги келишув Теҳроннинг ядровий қуролдан воз кечишини ва кемалар учун хавфсиз бўлиши керак бўлган Ҳурмуз бўғозининг очилишини назарда тутади.
Аввалроқ Дональд Трамп Ҳўрмуз бўғози зудлик билан очилиши шарти билан АҚШ Эронни бомбардимон қилишни икки ҳафтага тўхтатишини маълум қилган эди.
Эрон ҳукумати сулҳга розилигини тасдиқлади. Теҳроннинг расмий баёнотида айтилишича, мамлакат «буюк ғалабага эришди ва жиноятчи Американи ўзининг ўн банддан иборат режасини қабул қилишга мажбур этди».
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи алоҳида хабарида икки ҳафта давомида кемалар Эрон ҳарбийлари билан ўз ҳаракатларини мувофиқлаштирган ҳолда Ҳўрмуз бўғози орқали ўтишлари мумкинлигини тасдиқлади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу маъмурияти яҳудий давлати АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Эрон билан икки ҳафталик сулҳ тузиш қарорини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг