Тошлоқдаги экотуристик марказни океан ортида ҳам билишади
Фото: Халқ сўзи
Бугун дунёда тиббиёт, илм-фан, техника ва технологиялар жадал ривожланиб, инсониятнинг турмуш фаровонлиги, ўртача умр кўриш даражаси сезиларли даражада ошди. Аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қаралганда, сайёрамизда ҳаёт сифати яхшиланиши, экологик мувозанат бузилиши ортидан ўнлаб янги касалликлар пайдо бўлди, кўплаб касалликлар ёшарди, асаб, юрак-қон томир, ортиқча вазндан келиб чиқадиган хасталиклар кўпайди.
Бундай мураккаб шароитда табиат неъматларидан фойдаланиш, соғлом турмуш тарзига риоя этиб яшаш муҳим аҳамиятга эга. Фарғона вилояти Тошлоқ туманига қарашли Заркент қишлоғида ташкил этилган экотуристик марказ халқимизнинг ана шу эҳтиёжини қондиришга хизмат қилмоқда.
Марказ қошида «Водий туялари» фермер хўжалиги фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бу ерда юздан ортиқ туялар парваришланмоқда. Марказда 35-40 ўринли сиҳатгоҳ, УЗИ-диагностика, лаборатория ташкил этилган ва бу ерга келувчиларга халқ табобати усулида хизмат кўрсатилади.
— Ибн Сино табири билан айтганда, табиатни англамай, руҳ ва онгни даволамай туриб, танани даволаб бўлмайди, — дейди Ўзбекистон тиббий-илмий фаолият билан шуғулланувчилар Табобат академияси аъзоси, экотуристик марказ раҳбари Одилжон Ҳомидов. — Нотўғри овқатланиш, шакар, туз, энергетик қиймати юқори маҳсулотларни меъёридан ортиқча истеъмол қилиш турли касалликларни келтириб чиқарувчи омил бўлиб қолмоқда.
Шу боис марказда туя миниб табиат қўйнида сайр қилиш, бадантарбия, мева-сабзавотлар шарбати, қуритилган мевалар тавсия этилади. Бу ерда Фарғона водийсидан ташқари мамлакатимизнинг кўплаб вилоятлари, қўшни Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, ҳатто Жанубий Корея, Миср, АҚШдан ҳам беморлар келиб даволаниб кетишмоқда.

Наслли туялар Қорақалпоғистон, Навоий ва Қашқадарё вилоятларининг чўл-дашт ҳудудларидан олиб келинган. Уларнинг асосий озуқаси бўлган янтоқ қўшни Наманган вилояти чўлларидан олиб келинади. Қиш мавсумида битта туядан ўртача 1,5-2, ёзда 3,5-4 литр сут соғиб олинади.
— Табобат академияси томонидан тез-тез малака ошириш курслари ташкил этилиб, жаҳон тиббиёти ва табобатидаги янгиликлар, касалликлар бўйича янги даво чоралари ва қўлланмалар борасида билимимиз ошириб борилади, — дейди О. Ҳомидов. — Январь ойининг иккинчи ярмида навбатдаги маҳорат сабоқлари учун Тошкентда йиғилишимиз режалаштирилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кунига 400 граммдан кам бўлмаган миқдорда мева ва сабзавотлар истеъморл қилишни тавсия этади. Ҳар куни ўртача 4-5 км пиёда юришни узоқ умр кўриш ва соғлом ҳаёт гарови сифатида эътироф этилади. Айни жиҳатларни инобатга олиб, экотуристик марказда мевали боғлар бўйлаб саёҳатлар уюштириш, табиат манзаралари қўйнида пиёда сайр қилиш йўлакларини кенгайтириш, балиқ овлаш ва парҳезбоп балиқ маҳсулотлари истеъмоли сингари тармоқларни ривожлантириш кўзда тутилмоқда.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг