Тошкентда варрак учиришда белгиланган чекловларга амал қилиш сўралди

13:50 11 Апрель 2026 Жамият
237 0

Иллюстратив фото

Илиқ баҳор ҳавосида кўпчилик варрак учириш каби кўнгилочар машғулот билан шуғилланади. Бироқ аэропортлар яқинида бундай ҳаракатлар парвозлар хавфсизлигига жиддий хавф туғдириши мумкин. Шу муносабат билан «Uzbekistan Airports» фуқароларни белгиланган чекловларга амал қилишга чақирди.

Қайд этилишича, варраклар баландга кўтарилиши ва самолётларнинг учиш ва қўниш йўлларига тушиб қолиши мумкин. Бу самолёт билан тўқнашиш, техникага шикаст етиши ва фавқулодда ҳолатлар юзага келиши хавфини туғдиради. Бундан ташқари, мустаҳкам ёки кучайтирилган иплар ҳаво кемалари ускуналарига зарар етказиши ёки двигателларга тушиб қолиши мумкин.

Таъкидланишича, Ҳаво кодексининг 17-моддасига мувофиқ, парвозлар хавфсизлигига таҳдид соладиган фаолият турларига аэропорт ва унинг олдидаги ҳудудларда варрак учириш ҳам киради.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 116²-моддасига кўра, ҳаво ҳудудига рухсатсиз фойдаланиш БҲМнинг 20 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга қамоққа олишга сабаб бўлади. Авиация ҳодисаси ёки фалокат юз берганда эса, оддий шўхлик жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин.

Шу муносабат билан пойтахт аҳолиси ва меҳмонларидан ўрнатилган чекловларга тушуниш билан қарашлари ҳамда варрак учириш учун аэропортдан узоқроқ бўлган хавфсиз жойларни танлашлари сўралган.

«Ушбу оддий қоидаларга риоя қилиш — ҳар бир кишининг парвозлар хавфсизлиги ва йўловчилар хотиржамлигига қўшган ҳиссасидир», дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер