Тошкентда Судьялар миллий конференцияси бўлиб ўтди

14:39 18 Ноябрь 2023 Жамият
257 0

Пойтахтимизда икки кун давом этган тадбирнинг биринчи куни иштирокчилар суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан процессуал кодексларга киритилган янгиликлар, конституциявий нормаларни судлар томонидан тўғридан-тўғри қўллаш амалиёти, маъмурий, жиноий, фуқаролик ва иқтисодий судларда одил судловни амалга оширишнинг долзарб масалалари ҳақида кенг қамровли маърузалар ва сермазмун тақдимотлар билан танишди.

Бугун эса судьяларнинг маънавияти, одоби ва масъулияти ҳақида ҳамда судларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, суд иш юритувини рақамлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудова конференция ишини якунлар экан: “Бўлиб ўтган миллий конференциямиз суд қарорларини текшириш босқичларини такомиллаштириш муносабати билан процессуал кодексларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётган пайтда, яъни судлар фаолиятида бошланаётган янги давр остонасида бўлиб ўтганлигини яна бир бор эътироф этиш лозим. Ушбу жараёнга барчамиз – энг асосийси қўйи ва ўрта бўғиндаги судлар раислари, судьялар ва ходимлар ҳар томонлама тайёр бўлишлари лозим. Бунинг учун, бугунданоқ барчамиз ўз устимизда янада кўпроқ ишлаб, янгиликларни чуқур ўрганишимиз, уларнинг мазмун-моҳиятини барча ҳамкасбларимизга, фуқаро ва тадбиркорларга тушунтиришимиз зарур. Чунки, иш юритувимизда муддат ёки қоидаларнинг бузилишига, ҳар қандай хатоликка йўл қўйишга ҳақимиз йўқ. Зеро, бошқалар, хоҳ у юрист бўлсин, хоҳ фуқароми – қонунни ва уни тўғри қўллашни биринчи ўринда судлардан ўрганади ва намуна олади”, — дея таъкидлади.

Шунингдек, барчани ўз фаолиятида адолатни ўрнатиш билан биргаликда, фуқароларни ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, уларни ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни асосий мезон сифатида бўлишига чақириб, "бунинг учун, қонунлар бузилиши билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатга муросасиз муносабатда бўлиш, фуқаро ва тадбиркорларни дардини ва кайфиятини тушуниш лозим. Судья ва суд ходимлари ҳар кимдан кўра малакали, билимли, маданиятли ва одобли бўлишга мажбур ва бу борада барчага ибрат бўлишимиз керак деб, ҳисоблайман. “Устоз-шогирд” анъаналарини давом эттириб, илк бор тайинланаётган судьяларни қуллаб-қувватлашимиз, уларга тўғри йўл-йўриқлар кўрсатиб боришимиз лозим. Суд тизимида фаолият кўрсатаётган барча ходимларни ўз устиларида тинимсиз ишлашга, судьяликдек шарафли касбни эгаллашга йўналтириб, етук ва муносиб кадрларни ўстириб боришимиз керак. Ишончим комилки, ушбу мақсад ва вазифаларни бир ёқадан бош чиқариб, биргаликда ва ҳамжиҳатликда амалга оширсак, албатта судлар обрўсини юксалтириш, аҳолининг одил судга бўлган ишончини оширишга эришамиз”, — деди Р. Маҳмудова.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер