Тошкентда метро поезди вагони эшиги очиқ ҳолда ҳаракатланди (+видео)
Ижтимоий тармоқларда Тошкент метросида поезд вагони эшиги очиқ ҳолда ҳаракатлангани акс этган видеотасвирлар кенг тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан «Тошкент метрополитени» маълумот берди.
Унда айтилишича, кеча, 14 апрель куни соат тахминан 12:53да «Алишер Навоий» метро бекатидан ҳаракатланиши режалаштирилган 34-сонли ҳаракат таркибида йўловчилар қабул қилингандан сўнг машинист Ш.А. Абилкасимов томонидан эшикларни ёпиш буйруғи берилганига қарамасдан, учинчи вагоннинг биринчи эшиги тўлиқ ёпилмаган.
Шунга қарамай, машинист «Ўзбекистон» метро бекати томон ҳаракатни давом эттирган. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида поезд бекатда тўхтатилиб, йўловчилар туширилган ҳамда ҳаракат таркиби техник кўрик йўлагига олиб кетилган.
Ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, машинист Ш.А. Абилкасимовга нисбатан қатъий интизомий чора кўрилиши белгиланган.
«Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича қўшимча назорат чоралари кучайтирилмоқда. Келтирилган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраймиз», — дейилади баёнотда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг