Тошкентда икки нафар метро ходими ишга маст ҳолатда келди
Тошкентда ишга маст ҳолда келган икки нафар метро ходими ишдан бўшатилди. Бу ҳақда метрополитен матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 30 январь куни тунги навбатчилик бошланишидан олдин уч нафар метрополитен ходими туғилган кунини кафеда спиртли ичимлик ичиб нишонлаган.
Шундан сўнг, станция навбатчиси ва фаррош аёл маст ҳолатда Тошкент метросининг «Сергели-1» бекатида тунги навбатчиликка ўтган.
Қайд этилишича, тиббий кўрик ва гувоҳлар ходимларнинг мастлик ҳолатини тасдиқлаган.
Меҳнат шартномаларини қўпол равишда бузгани учун икки нафар ходим ишдан бўшатилди. Шунингдек, йўл ҳаракати хизматининг 1-сонли станция катта операторига ходимларнинг иш жойига маст ҳолатда келгани, метрода ҳаракат хавфсизлигига хавф туғдираётгани ҳақида раҳбариятга хабар бермагани учун танбеҳ берилди, дейилади хабарда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг