Тошкентда ҳам Эйфель минораси барпо этилади
Пойтахтимиздаги “Дамариқ” каналининг Олмазор тумани, “Тараққиёт” кўчасидан оқиб ўтувчи қисмида “Сой бўйи сайилгоҳи” дам олиш масканини барпо этиш лойиҳаси асосида ободонлаштириш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази маълумотларига кўра, лойиҳа буюртмачиси этиб “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси белгиланган. Буюртмачи билан бош пудратчи ўртасида шартнома имзоланган бўлиб, лойиҳанинг умумий ҳажми 17 064 042 000 сўмни ташкил этади. Шундан 4 775 000 000 сўм маблағ жорий йилда кўзда тутилган тадбирларга сарфланади.
Дам олиш маскани барпо этилишига тамал тоши қўйилиши арафасида “Дамариқ” канали атрофида ноқонуний қурилмалар аниқланиб, 18 та турар ва 9 та нотурар жой объекти бузилди, дарахтларга шакл берилди, канал атрофи ободонлаштирилди.
Эътиборлиси, “Сой бўйи сайилгоҳи” дам олиш масканида жаҳоннинг турфа шаҳарлари рамзларига айланган — Париж шаҳридаги Эйфель, Лондондаги Биг Бэн, Бухорои шарифдаги Минораи Калон сингари дунёга донғи кетган обидалар қиёфасини акс эттирувчи бинолар ҳам бунёд этилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг