Тошкентда Амир Темур меросига бағишланган халқаро анжуман ўз ишини бошлади
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган «Амир Темур ва Темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти» мавзусидаги халқаро илмий конференция ўз ишини бошлади.


Нуфузли анжуман дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 300 нафардан зиёд олим ва экспертларни бирлаштириб, буюк соҳибқирон мероси ҳамда унинг жаҳон цивилизациясидаги ўрнини муҳокама қилиш учун йирик илмий майдонга айланмоқда.



Конференциянинг очилиш маросимида маърузачилар Амир Темур ва Темурийлар даврининг давлатчилик анъанаси, дипломатияси, ҳарбий санъати ҳамда илм-фан ва маданият тараққиётидаги ўрнини якдил эътироф этди. Айниқса, ўша даврнинг Шарқ Ренессанси шаклланишидаги аҳамияти, жаҳон цивилизациясига кўрсатган таъсирига алоҳида эътибор қаратилди.


Ялпи мажлис ва шўъба йиғилишларида давлат бошқаруви ва дипломатия, ҳарбий стратегия, меъморчилик ва шаҳарсозлик, илм-фан ва таълим ривожи каби йўналишларда илмий маърузалар тақдим этилмоқда. Мутахассислар Темурийлар даври меросини замонавий илмий ёндашув асосида ўрганиш масаласини ҳам муҳокама қилмоқда.



Конференция якунида муҳим илмий тавсиялар ишлаб чиқилиб, Темурийлар меросини чуқур ўрганиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга қаратилган қўшма ташаббуслар илгари сурилиши кутилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг