Тошкентда 11 ой давомида пиёдалар томонидан содир этилган ЙТҲлар сони 500 тадан ошди
2021 йилнинг 11 ойи давомида пойтахтимизда йўл ҳаракати қоидаларини бузган пиёдаларга нисбатан 101 861 та маъмурий баённомалар тузилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, статистик маълумотларга кўра, пойтахтдаги йўл-транспорт ҳодисаларининг 60 фоизи пиёдалар билан боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар ИИББ томонидан пиёдаларнинг транспорт воситаларини бошқариш вақтидаги муаммолари, уларнинг хато ва камчиликлари сабаблари таҳлил қилинди.
Ер ости йўли бор жойда ҳам кўпчилик йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтишга, пиёдалар ўтиш жойидан чиқиб, қатнов қисмини кесиб ўтишга одатланган. Шунингдек, кўпчилик пиёдалар светофорга амал қилмайди. Буларнинг барчаси бахтсиз ҳодисага сабаб бўлмоқда, – дейди Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати раҳбари Қаҳрамон Худойберганов.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг 1 январидан 30 ноябрига қадар Тошкент шаҳрида пиёдалар иштирокида 524 та ЙТҲ қайд этилган: 32 киши олган тан жароҳатлари туфайли ҳалок бўлган, 487 нафар пиёда турли даражадаги тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг