Тошкент вилоятида «Isuzu» йўлга ўтириб олган шахсни босиб кетди
Тошкент вилоятида юк машинаси фуқарони уриб юбориб, қочиб кетгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИББ ЙҲХБ хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса жорий йилнинг 17 февраль куни соат 23:00 ларда Тошкент вилоятининг Бўка тумани ҳудудидан ўтган А373 Гулистон — Бўка — Оҳангарон йўлининг 53-километрида юз берган. Йўл-транспорт ҳодисасини содир этиб, қочиб кетган ҳайдовчини аниқлаш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган.
«Ҳодиса содир бўлган куннинг эртаси куни гумондор ва машина топилди. Гумондор шахс 1994 йилда Сирдарё вилоятида туғилган бўлиб, ҳодисани ўзига тегишли «Isuzu» русумли юк машинасида содир қилгани маълум бўлди», дейилади ЙҲХБ хабарида.
«Қоронғи йўлда ўзимга тегишли ўнг томон йўлакда 60 тезликда кетаётгандим. Фуқаро чизиқдан сал берироқда ўтириб олганди. Айланиб ўтдим, тегмади деб ўйлагандим», дейди ҳайдовчи.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 117 (хавф остида қолдириш) ва 266-моддаларига (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) жиноят иши қўзғатилиб, гумондор эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг