Тошкент вилоятида антенналар "беллашуви": қаерда қандай?

11:18 29 Сентябр 2020 Жамият
1039 0

Тошкент вилояти пойтахтга энг яқин ҳудуд бўлиб, бош шаҳримизни ўраб туришига қарамасдан, тоғли минтақаларни ва чекка қишлоқларни ҳам ўз ичига олади. Тошкент вилоят ҳудудий бирлашмасининг туман ва шаҳар жамиятлари томонидан вилоят ҳудудида республикамизда фаолият кўрсатаётган мобил алоқа компаниялари томонидан тақдим этилаётган интернетнинг сифати ва тезлигини ўрганиш юзасидан ўтказилган жамоатчилик мониторинглари натижалари аён бўлди.

Қибрай тумани

Тумандаги 88 маҳаллада алоқа сифати қуйидагича:

UZMOBILE ва UCELL барча ҳудудларда ишлайди, ярмидан кўпида икки компанияда ҳам алоқа қониқарсиз тарзда йўлга қўйилган. BEELINE алоқаси 39 та маҳаллада мавжуд эмас, борлари ҳам қониқарсиз. MOBIUZ 12 та, PERFECTUM эса бор-йўғи 9 та маҳаллада кўнгилдагидек ишлар экан.

Пискент тумани

Энг қониқарсиз натижа PERFECTUMга тўғри келиб, 27 маҳалладан бирортасида ҳам алоқа йўқлиги кўринган. UCELL ва UZMOBILE барча ҳудудларда ишлайди, фақат айрим маҳаллалар қониқарсиз алоқа билан таъминланган. BEELINE 3 та, MOBIUZ 2 та ҳудудда ишламаслиги аниқ бўлган. 

Паркент тумани

Паркентдаги 55 маҳалланинг ҳаммасида UCELL ва UZMOBILEга алоқа бор. BEELINE 1 та ва MOBIUZ 2 та ҳудудда умуман ишламайди, уларда умумий алоқанинг қарийб 95 фоизи қониқарсиз экани кўринган. PERFECTUM компанияси эса қарийб 95 фоиз ҳудудда умуман ишламайди.

Бўстонлиқ тумани

«Ўзбекистон Швейцарияси»да PERFECTUM 16 та маҳаллада, MOBIUZ 10 та маҳаллада умуман ишламайди. UZMOBILE ва UCELL 90 фоиз ҳудудда аъло даражада ишлаб турибди. BEELINE ва MOBIUZда бу кўрсаткич 60 фоизга яқин.

Чирчиқ шаҳри

Чирчиқ шаҳрида барча алоқа операторлари ишлаб турибди. UCELL ва UZMOBILEга Чирчиқнинг 25 маҳалласида алоқа яхши, қолган 19 тасида қониқарсиз. BEELINE ва MOBIUZ мос равишда 26 ва 28 маҳаллада ишлаб турибди. Чирчиқликлар ва нурафшонликлар PERFECTUM хизматларидан фойдаланмасликлари сабаб бу алоқа оператори сифати ушбу ҳудудларда мониторинг қилинмади.

Нурафшон шаҳар

22 маҳалладан 13 тасида UZMOBILE ва MOBIUZ яхши ишлайди, қолганида ҳам бир нави. BEELINE 15 та ва UCELL 17 та маҳаллада кўнгилдагидек. Муҳими барча ҳудудларда алоқа мавжуд.

Олмалиқ шаҳар

PERFECTUM Олмалиқнинг 39 маҳалласида мавжуд эмас, 13 тасида қониқарсиз, 9 тасида яхши ишлаяпти. MOBIUZ 17, BEELINE 27 маҳаллада умуман ишламаслигини кўришимиз мумкин. Қолган компаниялар барча маҳаллаларда «хизмат доирасида».

Бекобод тумани

Бекободда мониторинг қилинган маҳаллаларнинг 2 тасида MOBIUZ, 3 тасида PERFECTUM, 4 тасида UCELLга алоқа мавжуд эмас. Қолган ҳудудларда барча компаниялар, яхшими-ёмонми, ишлаб турибди.

Зангиота тумани

UZMOBILE ва UCELL туманнинг барча ҳудудида ишлаб турибди, аммо 50 фоиздан ортиғида алоқа сифати қониқарсизлиги кўринган. Жами 83 маҳалладан MOBIUZ 17, BEELINE 32, PERFECTUM 36 маҳаллада ишламайди.

Бекобод шаҳри

Бекобод шаҳрида MOBIUZни унча хушлашмайди, шекилли, бу компания мижозлари аниқланмаган. Қолган компаниялар эса 90 фоиз ҳудудда аъло даражада ишлаб турибди.

Оҳангарон тумани

Оҳангаронда энг сифатли алоқа UZMOBILE томонидан тақдим этилмоқда. 27 маҳалланинг 22 тасида алоқа яхши. Иккинчи ўринда PERFECTUM бўлиб, 18 маҳаллада яхши ишлади. Хуллас, MOBIUZдан ташқари барча компаниялар туманнинг барча ҳудудида ишлаб турибди

Бўка тумани

Туманда UZMOBILEдагина алоқа барча ҳудудларда таъминланган. Қолган компанияларнинг ҳам ҳеч бирида сифатли алоқа билан таъминланиш 50 фоиздан ошиқ ҳудудни қамраб ололмаган. Энг ёмон натижа PERFECTUMга тегишли: унда 42 маҳалланинг ярмида алоқа умуман йўқ.

Юқори Чирчиқ тумани

PERFECTUM 47 маҳалланинг роппа-роса 47 тасида умуман ишламас экан. BEELINE эса 50 фоизида йўқ, қолган ярмида қониқарсиз. UZMOBILE ва UCELL тумандаги 50 фоиздан ошиқ ҳудудда сифатсиз хизмат кўрсатар экан. MOBIUZ 47 маҳалланинг бор-йўғи 4 тасида ишламайди, қизиғи, қолганида аъло даражада ишлаб турибди.

Азиза Хўжакелдиева,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бош мутахассиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер