Тошкент шаҳрида “Янги йил совғалари” кўргазмаси ташкил этилди

18:18 19 Декабрь 2023 Жамият
861 0

Фото: “Халқ сўзи”

Пойтахтимизда “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан “Янги йил совғалари” Республика ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма савдоси ташкил этилди.

Миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган ҳунармандчилик намуналари ҳар бир кишида ўзгача завқ ва шавқ уйғотади. Айниқса, хориждан келган меҳмонларнинг сержило атлас, адрас ва бошқа заргарлик,қўл меҳнати буюмларига қизиқиши жуда юқори. Кўргазмадан кўзланган асосий мақсад ҳам халқимизнинг қадимий ва миллий осори атиқаларини, заргарлик ҳамда каштачилик, қолаверса қўл меҳнати билан яратилган турли буюмларни бугунги авлод кўз ўнгида намоён этиш ҳамда хорижлик меҳмонларни миллий маданиятимиз намуналари билан таништиришга қаратилган.

Бинобарин, кўргазма орқали кўп асрлар давомида яратилган бебаҳо маънавий ва маданий меросимиз, миллий қадриятларимизни дунёга танитиш бўлса, бошқа тарафдан соҳани ривожлантириш, ҳунармандларга янги бозорларга кириб боришларига кўмаклашиш асосий вазифадир.

— Бундай ярмаркалар бизнинг энг нуфузли бозори чаққон жойларда ташкиллаштириляпти. Бунга сабаб кўргазмага фақатгина маҳаллий аҳолини эмас, балки чет эллик меҳмонларни ҳам жалб қилишга қаратилган, — дейди Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси ўринбосари Бобур Мансуров. — Хориждан келган сайёҳлар фақат томоша қилиш эмас, ҳунармандлар ёнида улар билан бирга тикишни ўрганишмоқда, ўзларига ёққан сержило буюмларни харид қилишмоқда. Энг муҳими улар доимий мижоз бўлиб қолишмоқда.

20 нафардан зиёд ҳунарманд каштачилик, миниатюра, ранг-тасвир, наққошлик, бўёқли нақшлар, миллий либослар тайёрлаш, заргарлик буюмлари каби 15 дан зиёд қўл меҳнати намуналари билан кўргазмада иштирок этишди. Янги йил байрами олдидан ташкил этилган бу ажойиб кўргазмада маҳаллий аҳоли ва хорижлик меҳмонлар дўстларига, яқинларига совға харид қилишмоқда. Бу совғалар жонажон юртимиз жамолини, миллий қадриятларимиз тимсолида дунёга кўз-кўз қилишига шак-шубҳа йўқ.

Ф. ХУДОЙБEРДИЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер