Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида 20,7 километр узунликдаги “Туризм ҳалқаси” ташкил этилади
Ҳужжат билан Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги мавжуд захиралардан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, савдо, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларини жадал ривожлантириш, ижтимоий соҳа ва муҳандислик – коммуникация инфратузилмасини яхшилаш орқали аҳолининг турмуш даражасини ошириш вазифалари белгиланди.
Хусусан, қарорга биноан, Шайхонтоҳур туманида 20,7 километр узунликдаги “Туризм ҳалқаси” ташкил этилади.
“Туризм ҳалқаси” доирасида туманда узилишсиз пиёдалар йўлаги (ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан кўзи ожизлар учун зарур шарт-шароитлар яратган ҳолда) қурилади. Суғориш ва ирригация-дренаж тармоқлари реконструкция қилинади. Ҳунармандчилик марказлари ва тематик сайилгоҳлар ташкил этилади, аҳоли гавжум кўчаларни туну кун фаолият кўрсатадиган савдо, кўнгилочар, гастрономик ва туризм кўчаларига айлантириш ва Тошкент шаҳрининг тарихий дарвозаларини қайта тиклаш ишлари амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда пойтахтдаги Чорсу ва Эски жува деҳқон бозорлари ҳудудини тартибга келтириш ва туристик жозибадорлигини оширишга қаратилган қарори қабул қилиши лозим.
Ҳукумат ҳужжатида бозор ҳудудидаги тартибсиз қурилмалар ўрнига лойиҳа асосида замонавий савдо расталарини жойлаштириш, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кўп қаватли автотураргоҳ ташкил этиш ҳамда пиёдалар йўлакларини қуриш ва ирригация тармоқларини янгилаш кабилар эътиборга олинади.
Шунингдек, бозор ҳудудидаги бўш турган бино-иншоотлар миллий архитектура ишланмаларини акс эттирган лойиҳалар асосида реконструкция қилинади ва қўшимча янги савдо расталари қурилади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги дамда Маданият ва туризм вазирлиги билан биргаликда 2024 йил якунига қадар давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Ўзбекистон давлат цирки биносини ҳам реконструкция қилади.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, “Туризм ҳалқаси”ни ташкил этиш харажатлари учун республика бюджетидан Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига 3 йил муддатга 100 миллиард сўм миқдорида бюджет ссудаси ажратилмоқда.
Ҳужжат билан Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида “Туризм ҳалқаси”ни барпо этиш бўйича “йўл харитаси” ҳам тасдиқланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг