Тошкент шаҳар ҳокими муаммоли ва ўз ечимини кутаётган масалаларни маълум қилди

11:48 16 Декабрь 2021 Жамият
1593 0

Фото: Олий Мажлис Сенати

Сенатнинг йигирма иккинчи ялпи мажлисда Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботи эшитилди.

Тошкент шаҳрини ҳар томонлама ривожлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди. Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида Тошкент шаҳри бўйича ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 87,8 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 114,1 фоизга ўсган. Аҳоли жон бошига нисбатан ялпи ҳудудий маҳсулот 31,2 млн. сўмдан ортиқни ташкил этган.

Бектемир, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Сергели, Учтепа, Чилонзор, Юнусобод, Яккасарой туманларидаги 8 та кичик саноат зонасида 1 трлн. 237,3 млрд. сўмлик 582 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 239,2 млрд. сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.

Бектемир, Учтепа, Шайхонтоҳур, Яшнобод, Янгиҳаёт туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорлар доирасида саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида умумий қиймати 6,8 трлн. сўмлик 120 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 11 мингга яқин янги иш ўринлари яратилган.

Жами 911,9 млн. АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспорт қилиниб, режа 137,2 фоизга бажарилган, экспорт географияси 80 га яқин мамлакатни қамраб олган.

Ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига асосан 221 та лойиҳа доирасида 2 трлн. 946,6 млрд. сўмлик янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 баробарга ошган.

Шунингдек, «Рақамли Тошкент» дастури доирасида географик ахборот-таҳлил тизими – Геопортал жорий қилиниб, унга вазирлик ва идораларнинг 30 дан ортиқ ахборот тизимлари интеграция қилинган.

Шаҳар инфратузилмаси ва давлат хизматлари сифатини таъминлаш бўйича фаол жамоатчилик назоратини олиб борувчи «Халқ назорати» портали ва унинг мобил иловаси ишга туширилган. Портал орқали фуқаролардан келиб тушган 3 мингдан ортиқ муаммоли масаланинг 2 мингдан зиёди ижобий ҳал этилган.

Тошкент шаҳрини ривожлантириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилиши билан бир қаторда, айрим муаммолар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар мавжудлиги ҳам қайд этилди. 

Жумладан, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарларни қоплаш бўйича 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган даври давомида 30 нафар мулкдорга компенсация маблағи тўлаб берилмаган, жамоат транспортининг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш, айниқса, аҳоли гавжум нуқталарда йўловчиларнинг бир транспортдан иккинчи транспортга қисқа вақтда хавфсиз ўтиш имкониятини яратиш мақсадида қўшимча равишда транспорт-ўтиш боғламаларини ташкил этиш зарурати мавжуд.

Қайд этилганидек, «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамиятига қарашли корхоналар тасарруфидаги автобусларнинг 16,6 фоизи (196 таси) техник носозлиги боис ҳаракат мунтазамлиги таъминланмаяпти, йўловчиларнинг автобусларни кутиб туриш вақти айрим йўналишларда 25-40 дақиқани ташкил қилмоқда.

Тошкент шаҳрида оқова сувларни қабул қилиш бўйича мавжуд Салар, Бўзсув ва Бектемир иншоотларида сув тозалаш самарадорлиги лойиҳа бўйича 75 фоизни ташкил этади, бироқ бугунги кунда ушбу иншоотлар 35,5 – 51,3 % қувват билан ишламоқда.

Шаҳарда қурилиш объектларининг кескин кўпайиши натижасида ҳосил бўлаётган чангларни сув сепиб бостириш чоралари етарлича кўрилмаётганлиги атмосфера ҳавосига чангларнинг меъёрдан ортиқ чиқарилишига олиб келмоқда.

Жорий ўқув йилида Тошкент шаҳридаги 25 та умумтаълим мактаби 2,1 коэффициентдан юқори қувват билан фаолият юритмоқда, 2026 йилда мактаб ёшидаги болалар сони 496,1 мингга етиши кутилаётганлиги боис янги мактаблар қуришга эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер