Тошкент метросининг яна 9 та бекатида ҳожатхоналар пайдо бўлади
Видеодан кадр
Пойтахт метросининг яна 9 та бекатида она ва бола хонаси ҳамда ҳожатхона ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Тошкент метрополитени» ахборот хизмати хабар берди.
«Бундан бир муддат олдин пойтахт метрополитенининг «Чилонзор» бекатида синов тариқасида она ва бола хонаси ҳамда ҳожатхона ишга туширилган эди. Йўловчилар томонидан ушбу қулайлик ижобий қабул қилинди ва синов жараёнлари ўзини оқлади», дейилади хабарда.
Шу боис бошқа бекатларига нисбатан йўловчилар билан гавжум бўлган яна 9 та метро бекатида она ва бола хонаси ҳамда ҳожатхона қурилиши учун зарур ишлар амалга оширилиши бошланмоқда.
«Халқ сўзи»нинг «Тошкент метрополитени» ахборот хизматидаги манбасига кўра, мазкур қурилишлар айнан қайси 9 та бекатда амалга оширилиши ҳали аниқ эмас.
Маълумки метрополитен тизими шаҳар канализация қувурларидан пастда жойлашган. Бу ҳожатхоналар иш фаолиятини доимий таъминлаш ва уларни тоза сақлашда қўшимча махсус транспорт воситалари ҳамда ишчи кучини талаб қилишини англатади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг