Тўрақўрғон ва Попда “обод марказ”  тақдимоти

16:42 28 Август 2019 Жамият
1674 0

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 29 февраль – 1 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириғи асосида вилоят бўйича  “Обод марказ” дастури ишлаб чиқилганди. Айни дастурга  мувофиқ амалга оширилган катта хажмдаги бунёдкорлик ишлари шарофати билан  ҳудуддаги туман марказлари  ҳар жиҳатдан тўкис,  аҳоли учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган ҳудудга айланмоқда.

Масалан, чинакам бунёкорлик майдонига айланган Тўрақўрғон  кўркамликда катта шаҳарлар билан билан беллаша оладиган қиёфа касб этаётир. “Обод марказ” дастури ижроси билан бу ерда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий йўналишлардаги   объектларда жами қиймати 118 миллиард сўмлик   қурилиш ва таъмирлаш ишлари рўёбга чиқарилди. Жумладан,  Маданият саройи мукаммал таъмирланиб,  380 ўринли  замонавий  концерт  ва 40 ўринли конференция заллари  барпо этилди. Яна бир икки қаватли янги бинода Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ қабулхонаси ва Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатлари билан ишлаш қабулхонаси ҳамда  давлат хизматлари фаолият олиб боради.Қисқа вақт ичида бунёд қилинган 4 та кўп қаватли тураржой биноси, иккита хусусий клиника, мукаммал таъмирдан чиқарилган қатор мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг бинолари, кенгайтирилган автомобиль йўллари  шаҳар қиёфасини янада ўзгартирган.

-  Тўрақўрғонни  обод марказга айлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар нафақат кишининг ҳавасини  келтиради, балки, ғайратини орттиради,-дейди тадбиркор Ислом Турғунов. – Тўғрида, юртини севган инсон борки, бундай пайтда томошабин  бўлиб туриш асло ярашмайди.  Шундан келиб чиқиб, маҳаллий ҳокимиятга  “Очиқ осмон остидаги ёшлар маскани” қуриш лойиҳасини тақдим этгандим. Унинг қурилишига 1,5 миллиард сўмдан зиёд сармоя йўналтирдик. Музқаймоқ ва салқин ичимликлар шаҳобчаси, кутубхона ҳамда Wi-Fi зонасидан иборат бу маскан ёшларнинг дилтортар жойларидан бирига айланган.  Йигит-қизлар бу ерда  стол тенниси, шахмат-шашка ва велоспорт билан шуғулланишлари  учун ҳам имконият яратилган.

Бугун   Попга ташриф буюрган кишининг ҳам шаҳарни   обод марказга айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлардан дили равшан тортади.  Бу ерда дастур доирасида 79,8 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва ободончилик тадбирлари натижасида ҳудуд  янада чирой очди, аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун қатор қулайликлар яратилди. Одамлар “Ҳазратибоб” зиёратгоҳининг қайта қурилгани,  янгидан бунёд  этилган экопарк, мукаммал таъмирдан чиқарилган 6 километр узунликдаги автомобиль йўли, янги тортилган  8,8 километр узунликдаги ичимлик сув тармоғи, 23 та кўп қаватли тураржой биносида олиб борилган ишлардан, айниқса, ҳурсанд.

 Таъкидлаш лозимки, ҳар икки шаҳарда ўтказилган тақдимот маросими туман аҳли, вилоятнинг бошқа ҳудудларидан ташриф буюрган меҳмонлар иштирокида катта  байрамга айланди.

Тақдимот тадбирларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т. Худойбергенов, Наманган вилояти ҳокими Х. Бозоров қатнашдилар.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.
“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер