Томорқага меҳр берган – барака топади

20:18 20 Июнь 2024 Жамият
289 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». 2021 йил 23 ноябрда Президентимизнинг «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинганди. Бу аҳолининг қишлоқ хўжалигига оид тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, даромад топишга қаратилган ташаббусларини ривожлантиришга катта ёрдам берди. Натижада, мамлакатимизда етиштирилган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 70 га яқин давлатларига экспорт қилиниши орқали экспорт салоҳияти тенг бараварга ортди.

Бу борадаги саъй-ҳаракатлар Андижон вилоятида ҳам ўз самарасини бермоқда. Жумладан, Булоқбоши туманида 101 гектар экин майдони 700 нафардан зиёд аҳолига бўлиб берилди.

— Оилавий шароитим туфайли «Темир дафтар»даги рўйхатга киритилгандим, — дейди томорқачи Санобархон Аҳмадалиева. — Бундан икки йил олдин 15 сотих ер ажратилиши натижасида бугун ўзим иш берувчига айландим. Ердан оқилона фойдаланиш орқали икки нафар маҳалладошим ҳам доимий даромад манбаига эга бўлди.

Хўш, бунга қандай эришдик? Биринчи йилнинг ўзидаёқ ердан уч марта ҳосил олдик. Яъни, февраль ойида экилган картошкани 18 миллион сўмга сотгач, ерга бўлган эътиборим янада ортди. Иккинчи ҳосил ҳисобида мошдан 20 миллион сўм даромад олдим. Мошдан бўшаган ерга маккажўхори экиб, 20 миллион сўм ишладим. Бир йилда салкам 50 миллион сўм даромад олдим.

Дурбек Қодиров ҳам қишлоқ хўжалигида бой тажриба тўплаган. Унга ажратиб берилган 15 сотихли ер майдони ҳақиқий даромад манбаига айланган.

— Қишлоғимиздаги ҳовлилар 10-15 сотихдан иборат. Агар ундан унумли фойдаланилса, ҳақиқий хазинадонга айланади, — дейди Дурбек ака биз билан суҳбатда. — Ўтган йили ноябрь ойида ерга саримсоқ пиёз бошчаларини суққандим. Баҳорда улар 10 тонна ҳосил берди. Ҳосилдан бўшаган майдонга мош экдим. Қувонарлиси, мошнинг донини харидорларнинг ўзлари келиб сотиб олишади. Ундан қолган ем-хашак уй ҳайвонлари учун яхшигина озуқа бўлди. Мана шу кафтдек майдондан бир йилда ўртача 50 миллион сўм даромад топаман.

Булоқбоши тумани қишлоқ хўжалигига ихтисослашганлиги сабаб аҳоли ҳар бир қарич ернинг қадрига етади. Улар саримсоқпиёз, узум, лола етиштириш бўйича ўзига хос тажриба мактабини яратган. Масалан, жорий йилда 121 гектар ер майдонида саримсоқпиёз парваришланди. Ҳар гектар экин майдонидан 100 тоннагача ҳосил йиғиб олинди. Эътиборли жиҳати, умумий майдоннинг 85 гектари хонадонлардаги томорқалар ва ҳукуматимиз томонидан ажратиб берилган ер майдонлари ҳисобига тўғри келмоқда.

Амалиётда ўзининг ижобий натижасини бераётган ушбу тизим жорий йилда янада оммалашди. Бу йил вилоят бўйича 16966 нафар ёшларга 2500 гектар ер майдони ажратиб берилди. Ҳозир ёш деҳқонлар дастлабки ҳосилни ички бозорга чиқармоқда.

— Менга 10 сотих ер майдони ажратиб берилганди, — дейди Андижон туманилик Сайдулло Акбаралиев. — Бу ерга 300 кг. картошка экдим. Уруғнинг ҳар бир килограммини 4 минг сўмдан, жами, 1 млн. 200 минг сўмга сотиб олдим. Ер тайёрлаш, ўғитлаш, ишлов бериш ишларига 1,5 миллион сўм пул сарфланди. Шу 10 сотих майдондан 2,5 тонна ҳосил олдим. Унинг ҳар бир килограммини 4 минг сўмдан сотдим. Жами, даромадим 10 миллион сўмни ташкил этди. Икки ярим ойлик меҳнат учун бу яхши натижа!

Аниқ рақамларда ўз ифодасини топган бу натижа мамлакатимизда қишлоқ хўжалигидаги кичик истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда аҳолидан кенг фойдаланишнинг ижобий самарасидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер