Тоғ лоласи саҳрода ҳам ўсади
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Қоровулбозор – саҳро бағридаги маскан. Чўл шароитида деҳқончилик қилиш эса тошда гул ундириш билан баробар. Аммо тумандаги «Тинчлик» маҳалласида истиқомат қилувчи Соҳиб Қулжонов учун мураккаб иқлим шароити писанд эмас. У мана уч йилдирки, томорқасидаги бир сотих ерда тоғ лоласини кўпайтириб, гул шайдоларига қувонч улашмоқда.
— Бунинг учун ихчамгина иссиқхона барпо қилганман, — дейди С.Қулжонов. — Унинг икки томонида 70 ва 50 сантиметр баландликда девор тикланган. Бу ҳароратни бир меъёрда сақлаш имконини беради. Тоғ лоласи пиёзини Россиядан буюртма асосида оляпман. Бир сотих ерга 10-12 килограмм атрофида уруғлик керак бўлади. Уни биогумусли тувакчаларга ноябрь ойида экаман. Февралда униб чиқиб ўса бошлайди. 35-40 сантиметргача бўй чўзади. Иссиқхонада зарур ҳароратни сақлаб туриш учун қўлбола печда ўтин ёқамиз. Биз етиштираётган лола 20-30 кун давомида қип-қизил очилиб кўзларни яшнатиб туради.
Соҳиб учун тоғ лоласини етиштириш шунчаки ҳавас эмас. Туман ободонлаштириш бошқармасида меҳнат қилувчи йигит учун бу қўшимча даромад манбаи ҳамдир. Дейлик, ўтган мавсумда тоғ лоласи етиштириш ортидан 10 миллион сўм соф фойда кўрди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳовлисида ёввойи тустовуқ кўпайтиришни ҳам йўлга қўйди. Шу иш оилага бултур 12-15 миллион сўм атрофида даромад келтирди.
Бир қарашда Соҳибнинг асосий ишидан ортиб топаётган қўшимча даромади у қадар салмоқли туюлмас. Лекин хулоса қилмоққа шошилманг. Қулжоновларни қоровулбозорликлар кўпроқ асалари парваришлаш ҳадисини олган оила сифатида билади. Аҳил хонадон аъзолари саъй-ҳаракати билан ҳар йилда 200 қути асалари оиласидан 3-3,5 тонна атрофида асал етиштирилади. Уни сотишдан кўрилган фойда миқдорини ҳисоблаш эса ўзингизга ҳавола.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг