ТИВда БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси (ГМЖКБ) Сиёсат таҳлили ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими директори Жан Люк Лемае билан учрашди.
Томонлар Ўзбекистон ва мазкур тузилма ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.
Афғонистон йўналишидаги ўзаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш, шунингдек, ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий тиклашга кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаши таъкидланди.
Томонлар 2023 йил 4 майда очилган Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси негизида Трансмиллий таҳдидлар бўйича ахборот маркази ташкил этилганини олқишладилар.
Ж.Лемае Ўзбекистон томонига Марказни ташкил этишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирди. Марказнинг асосий мақсади минтақада гиёҳванд моддалар ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича вазиятни маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилишнинг замонавий методологияларини қўллаш орқали мониторинг қилиш ҳисобланади.
2022-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон ва UNODC ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”ни амалга ошириш доирасида томонларни қизиқтирган соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг