Тиббиёт ходимлари куни асосий тантаналари Самарқанд шаҳрида нишонланди
Фото: Халқ сўзи
Ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси юртимизда Тиббиёт ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Бу йил байрамнинг асосий тантаналари ўтган йиллардагидан ўзгача тарзда Самарқанд шаҳрида ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан бир гуруҳ фидойи, кўп йиллик тажрибага эга соҳа фахрийлари, шунингдек, ёш истеъдодли тиббиёт ходимлари дастлаб Самарқанд шаҳридаги муқаддас қадамжо ва тарихий обидаларни зиёрат қилди. Қадимий кентда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.
Хусусан, жорий йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган ва аллақачон халқаро мулоқотлар майдонига айланиб улгурган «Буюк ипак йўли» халқаро туризм мажмуасида қад ростлаган Халқаро конгресс маркази, «Боқий шаҳар» ва жаҳон стандартларига мос меҳмонхоналар тиббиёт ходимларида чуқур таассурот қолдирди.

Байрамнинг асосий тантанаси янгидан реконструкция қилинган Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига йўллаган байрам табригини Президент маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов ўқиб эшиттирди.
Табрикда қайд этилганидек, юртимизда ҳар бир фуқаро учун юқори сифатли тиббий хизмат тизимини яратиш устувор вазифа сифатида белгиланиб, бу йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида малакали тиббий хизмат ҳар бир маҳалла ва хонадонга кириб бормоқда.

«Инсон қадри учун» деган эзгу тамойилни жамиятимиз ҳаётида тўла рўёбга чиқариш мақсадида кейинги вақтда юртимизда соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан мунтазам учрашиб, олдимизда турган вазифалар ва долзарб муаммоларнинг ечимлари ҳақида фикрлашиб олиш ибратли анъанага айланди.
Жорий йилда сизлар билан ўтказилган мулоқотларимиз ҳам ҳар томонлама фойдали бўлди. Бунинг натижасида 2022 йилда соҳага оид йигирмадан зиёд қонун, фармон ва қарорлар ҳамда бошқа зарур меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда, дейилади табрикда.
Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистон тиббиётида мутлақо янгича ёндашувларга асосланган ислоҳотлар жараёни бошланган. Бундан кўзланган устувор мақсад халқни рози қилишдан иборат. Тиббиётни халққа янада яқинлаштириш, аввало, бирламчи тиббиёт тизимини такомиллаштиришдан бошланди. Жорий йилнинг ўтган даврида бу йўналишда белгиланган чора-тадбирлар ижроси доирасида республикамиз бўйича 100 дан ортиқ оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар, мингдан зиёд маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Натижада 3,5 миллион аҳолига бирламчи тиббий хизмат яқинлаштирилди.
Бирламчи тизимда кундузги шифо ўринлари ташкил қилиниб, уларнинг иш фаолияти 20-00 гача узайтирилиши натижасида поликлиникаларга мурожаатлар сони 191 миллионтага етди. Шунингдек, беморларнинг оиласидан ажралмаган ҳолда кундузги стационарларда муолажа олиши ҳисобига шифохоналарда даволаниш ҳажми қарийб 12 фоизга камайди.

Эрта скрининг дастурлари амалга оширилиши ҳисобига 6,7 миллион нафар аҳоли юрак-қон томир, қандли диабет ҳамда 2,1 миллион нафар аёл саратон хасталиклари бўйича тиббий текширувдан ўтказилди. «Қишлоқ шифокори» дастури бўйича 191 нафар шифокор олис ва чекка ҳудудларга жалб этилди.
Тиббиёт ходимлари ойлиги 30 фоизгача оширилди. Шунингдек, шифокорларга иш самарадорлиги ва натижасига қараб табақалаштирилган рағбатлантириш ва устама тўловлари жорий этилди. Умуман, жорий йилда тиббиётга ажратилаётган маблағ ўтган йилга нисбатан 1,3 баравар кўп.
Президентимизнинг шу йил 16 июнда қабул қилинган «Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори асосида Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг 14 та ҳудудий филиали ташкил этилиб, «103» хизматининг ягона вертикал бошқарув тизими йўлга қўйилди.
Оғир хасталиклардан азият чеккан юртдошларимиз яқин-яқингача жигар, буйрак трансплантацияси, юрак соҳасидаги нозик операциялар ва бошқа кўплаб касалликларга даво истаб илғор хорижий мамлакатларга боришга мажбур эди. Бугун эса деярли барча мураккаб жарроҳлик муолажалари Ўзбекистоннинг ўзида ўтказилмоқда. Яна ҳам қувонарлиси, уларни вилоят ва ҳатто туман даражасида бажариш йўлга қўйиляпти. Бунда юртимиздаги 24 та ихтисослаштирилган тиббиёт маркази ва уларнинг 269 та филиали муҳим роль ўйнамоқда.
Ўтган қисқа даврда ушбу муассасаларда 6000 дан зиёд илғор тиббий амалиётлар ўтказиш йўлга қўйилди. Шундан 750 дан ортиғини вилоят, 150 дан зиёдини туман даражасида бажариш ўзлаштирилди.

Натижада туғма юрак нуқсони бўлган 2,5 минг нафардан зиёд болада мураккаб операциялар ўтказилди. Эшитиш заифлиги ва карлик ҳолатлари мавжуд 350 нафарга яқин ўғил-қиз кохлеар имплантация амалиётлари билан қамраб олинди.
Мамлакатимиз бўйича бажарилган 178 та буйрак трансплантациясидан 34 таси ҳудудларда бажарилди. 42 турдаги юқори технологик лапароскопик, торакоскопик ва эндоваскуляр жарроҳлик операциялари амалиётга татбиқ этилиши туфайли 3 мингга яқин беморлар юқори технологияли муолажалар орқали хавфли хасталиклардан халос бўлди.
Соҳага инновацияларнинг жадал татбиқ этилаётгани ҳам қувонарли натижа. Юртимиз тиббиёти тарихида илк бор замонавий робот-жарроҳ технологияси олиб келиб, ўрнатилди. Нафақат юртимиз, балки Марказий Осиёда ноёб бўлган ушбу қурилма орқали қисқа муддатда ўнлаб беморларда ўта мураккаб операциялар муваффақиятли ўтказилди.
Бугун жойларда оғир хасталиклардан азият чекаётган, бироқ пойтахтга келиб даволанишга имкони йўқ эҳтиёжманд беморлар кам эмас. Ана шундай юртдошларимиз саломатлигини тиклаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жорий йилнинг ўтган даврида мамлакатимизнинг 13 та ҳудудида мутлақо янги тизим асосида соғломлаштириш акциялари ўтказилди. Уларга вазирлик, республика даволаш-профилактика муассасаларининг 200 нафардан иборат етакчи мутахассислари жалб этилди.
«Маҳаллабай» тарзда ўтган текширувларда аҳоли вакиллари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, касаллик аниқланган 275 минг нафар бемордан 210 минг нафари амбулатор, қолганлари стационар шароитда соғломлаштирилди.
Бундан ташқари, мураккаб операцияларга муҳтож 16,2 минг нафар бемордан 3,2 минг нафари ҳудудларнинг ўзида соғломлаштирилди.
Тиббиёт соҳасида шакллантирилган соғлом рақобат муҳити туфайли аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва қамрови ошиб бормоқда. Жумладан, мамлакатимизда жорий йилнинг ўтган 9 ойида 586 та амбулатор, 110 та стационар шаклдаги янги хусусий шифо маскани иш бошлади. 121 та клиника ўз фаолиятини кенгайтирди. Натижада мамлакатимизда хусусий секторда фаолият кўрсатувчи тиббиёт муассасалари сони 7635 тага етди.
Бугунги кунда юртимизда 11 та давлат тиббиёт олий таълим муассасаси, 2 та хорижий тиббиёт университети филиаллари фаолият юритмоқда. Шунингдек, 3 та хусусий олий таълим муассасаси, Гулистон, Қарши давлат университетлари, Жиззах ва Навоий давлат педагогика институтлари ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетларида тиббиёт факультетлари ташкил этилган. Уларда бакалавриат босқичи бўйича 13 та, магистратурада 45 та, клиник ординатурада 32 та ҳамда интернатурада 21 та мутахассислик асосида кадрлар етиштириляпти.

Шу билан бирга, юртимизда ўрта тиббиёт ходимлари 27 та тиббиёт коллежи ва 47 та Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида тайёрланяпти. Хусусан, тиббиёт коллежларида 7 та йўналиш, Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумларида эса 6 та йўналиш бўйича ўқувчилар касб сирларини пухта ўзлаштираётир.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 11 ноябрь куни эълон қилинган Фармонига кўра, мамлакатимизда тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, тизимни халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, замонавий даволаш усулларини амалиётга кенг татбиқ этиш, соҳага доир дастурлар ижросини муваффақиятли амалга оширишга қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ ходимлар давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Маросимда ушбу юксак орден ва медаллар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Тадбирда соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев ва давлат мукофоти билан тақдирланган тиббиёт ходимлари соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самаралари ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Тиббиёт ходимлари кунига бағишланган бадиий кечада давомида халқимизнинг севимли санъаткорлари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури ҳамда тадбир сўнгида «Фидойилар» номли театрлаштирилган саҳна кўриниши намойиш этилди.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи» .
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг