Тиббий таълим соҳасидаги ислоҳотлар қандай самара бермоқда?
Республикамиз олий тиббий таълим соҳасида Марказий Осиёдаги энг қадимги олий ўқув юртларидан бири бўлган Самарқанд давлат тиббиёт институти ўзининг муносиб ўрни ва мавқеига эга олий таълим муассасаси саналади. Унинг тарихи 1930 йил май ойидан бошланади. Институт фаолияти давомида 40 мингдан ортиқ битирувчилар ўқиб тугатган. 90 йиллик шарафли тарихга эга бўлган институтимиз тиббиёт соҳаси учун минглаб шифокорлар, илмий ходимлар, фан арбоблари, академиклар, жамоат ва давлат арбобларини тайёрлаб берган.
Шу фурсатдан фойдаланиб айтиш жоизки, куни кеча муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида имзоланган «Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида» Фармони бизга янги вазифалар ва масъулиятларни белгилайди.
Мазкур Фармонга асосан жорий 2021 йилни 1 июлидан бошлаб оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда «тиббиёт бригадалари» фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан аҳолига янада сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш кўзда тутилган. Таъкидлаш лозимки, ҳозирги вақтда институт ходимларидан иборат 8 та ишчи гуруҳи тузилиб, Самарқанд вилоят оилавий поликлиникаларга бириктирилди. Мавжуд 15 та туманлар ва 11 та шаҳар оилавий поликлиникаларида тиббий харита шакллантирилиб, аҳоли хавф гуруҳларга ажратилиши ҳамда диспансер назоратга олиниши, қишлоқ ва маҳаллаларда эса тиббиёт бригадалари ташкил этилиши режалаштирилди.
Фармонни клиник ординатурага доир қисмида, янги ўқув йилидан ўқув даврининг иккинчи йили ҳудудлардаги ихтисослашган тиббиёт марказлари филиалларида, вилоят болалар ва катталар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази филиалларида ўтказилиши, шунингдек, маълум бир қисмини иш жойида давом эттириши кўзда тутилган. Институтимиз томонидан жорий ўқув йилидан бошланиб барча юқори курс клиник ординаторлари Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидаги турли тиббиёт муассасаларига жалб қилиниб, амалий дарсларни ўзлаштирмоқда. Ушбу фармон билан ҳудудларга зарур бўлган тор мутахассисликлардаги шифокорларни тайёрлаш учун тегишли маҳаллий бюджетдан етарли миқдорда грант ажратилиши ҳамда мазкур грант асосида таълим олган битирувчиларга тегишли ҳудудга бориб, уч йил ишлаб бериш мажбурияти юклатилмоқда, уларнинг яшаш харажатлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши назарда тутилмоқда. Натижада яқин йилларда олис ҳудудларда ҳам барча мутахассисликлардаги шифокорлар халқимизга хизмат қилишига эришилади.
Самарқанд давлат тиббиёт институтини бир қатор клиник кафедралари, жумладан онкология, кардиология, эндокринология, хирургия ва болалар хирургияси, юқумли касалликлар, тери-таносил касалликлари кафедралари вилоятни ихтисослашган тиббий марказларида жойлашган бўлиб, мазкур муассасалар ўқув жараёнига методик жиҳатдан кўмаклашиб келмоқдалар.
Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш учун 1 та 179 ўринли махсус шифохона ташкил қилинган (шундан 30 та реанимация ўрни). 6 та муассасада (1-сон тақсимлаш ва даволаш маркази, 2-сон тақсимлаш ва даволаш маркази, Қаттақўрғон шаҳридаги Марварид санаторийси, Ургут туманидаги тақсимлаш ва даволаш маркази, ХОСПИС шифохонаси, юқумли касалликлар шифохонаси) жами 2729 ўринли захира ўринлари ташкил этилган (кислород нуқталари сони 2289 та), реанимация ўринлари сони 370 тани ташкил этади. Самарқанд давлат тиббиёт институтини тажрибали профессор-ўқитувчилари ва ходимлари томонидан мунтазам равишда ҳар кунлик консультациялар ташкил қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2021 йил 16 апрель куни Самарқанд вилоятига ташрифи давомида вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишда вилоят соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, тиббий профилактика ишларини такомиллаштириш, касалликларни эрта босқичларда аниқлаш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи ҳамда жисмоний фаолликни оширишни тарғиб қилиш бўйича берган топшириқларини институт ходимлари ўзгача бир фахр ва масъулият билан қабул қилиб, бугунги кунда амалий ишларни бошлаб юборишди.
Вилоятимиз ҳудудларида касаллик кўрсаткичларини инобатга олиб, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда институтнинг 1-сон ва 2-сон хирургик касалликлар, 1-сон ва 2-сон ички касалликлар, 1-сон акушерлик ва гинекология, Гематология, 1-сон ва 2-сон педиатрия, Травматология ва ортопедия, Умумий хирургия, Кўз касалликлари, Анестезиология ва реанимация, 1-сон ва 2-сон оториноларингология ҳамда педиатрия факультетининг хирургик касалликлар кафедралари туман ва шаҳарларга бириктирилди. Кафедралар клиник базалари туман тиббиёт бирлашмаларига жойлаштирилди. Туманларга институтнинг 418 нафар битирувчи курс талабалари бириктирилди ва уларга 15 та кафедраларнинг 8 нафар тиббиёт фанлари доктори, профессорлари, 37 нафар тиббиёт фанлари номзодлари ҳамда 28 нафар ассистентлардан иборат жами 75 нафар малакали ва етакчи мутахассислари масъул этиб тайинланди.
Жорий йилнинг 19 апрель кунидан бошлаб профессор-ўқитувчилар ва талабалар марказлашган ҳолда вилоятнинг ҳар бир туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохоналар, кўп тармоқли марказий поликлиникалар, оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларида дарс жараёнини амалиётга татбиқ этиш ҳамда беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида институт ҳудудидан махсус автобусларда белгиланган ҳудудларга олиб кетилиб, кунлик иш фаолияти тугагач, Самарқанд шаҳрига қайта олиб келишлари йўлга қўйилди.
Вилоятнинг ҳар бир туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохоналар, кўп тармоқли марказий поликлиникалар (КТМП), оилавий поликлиника (ОП) ва оилавий шифокорлик пунктларида (ОШП) дарс жараёни ҳамда беморлар кўриги йўлга қўйилди. КТМПда СамДТИ учун махсус ажратилган хоналарида соат 9:00 дан 14:30 гача тасдиқланган календарь-тематик режа асосида талабаларга дарс машғулотлари ўтказилмоқда, соат 14:30 дан кейин кафедра профессор-ўқитувчилари талабалар билан биргаликда поликлиника мутахассислари томонидан тиббий кўрикка тайёрланган 4463 беморларни ўз профили бўйича кўрикдан ўтказишди. Шулардан 2350 беморларга уй шароитида даволаниш учун, 601 беморларга стационар шароитда даволаш учун тавсиялар берилди.
19-26 апрель кунлари эҳтиёжга кўра профессор-ўқитувчилар битирувчи курс талабалари билан биргаликда оилавий шифокорлик пунктларига бориб жами уч мингга яқин беморларни қабул қилишди ҳамда оилавий шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларига беморлар кўриги, «Юқумли бўлмаган касаликлар профилактикаси», “Cоғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш», «Тўғри овқатланиш тамойиллари», «Жисмоний фаоллик ва унинг аҳамияти» мавзулари бўйича маъруза ва семинарлар каби жами 149 та «Маҳорат дарслари» ўтказишди.
Вилоят туманларидаги 208 нафар таянч ҳаракатга эга бўлмаган ва тўшакда ётиб қолган беморлар яшаш хонадонларида тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўриклар вақтида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ҳамда касалликларни ўз вақтида олдини олиш мақсадида «Юқумли бўлмаган касалликлар ва унинг профилактикаси», «Соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, тўғри овқатланиш тамойилларини кундалик ҳаётга татбиқ қилиш, жисмоний фаоллик ва унинг аҳамияти» бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришди.
Ҳудудларда ўтказилаётган мақсадли скрининг ва тиббий кўрикларда ҳам профессор-ўқитувчилар талабалар билан фаол иштирок этишмоқда. Ҳозирги кунга қадар мазкур тадбирлар натижасида 3-4 хавф гуруҳига мансуб юқори технологияли замонавий тиббий ёрдамга муҳтож 87 нафар беморлар аниқланди ҳамда уларга институт клиникалари ва ихтисослаштирилган тиббиёт марказларига даволаниш учун йўлланмалар берилди.
Туман тиббиёт бирлашмаси бўлимларида профессор-ўқитувчилар томонидан 67 нафар мураккаб беморлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, мутахассисларга даволаш бўйича тегишли тавсиялар берилди ҳамда 18 та кўргазмали жарроҳлик ва акушер-гинекологик, оториноларингологик операциялар амалга оширилди.
Ҳудудларда аниқланган беморлар гуруҳи тўлиқ қамраб олиниб, соғломлаштириш ишлари йўлга қўйилгандан сўнг, кафедра профессор-ўқитувчиларининг вилоят туманлари бўйича ротацияси амалга оширилиши белгиланди. Ушбу ротация тумандаги касалларнинг мутахассислар кўригига бўлган эҳтиёжига қараб амалга оширилади. Ҳозирги кунда мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Бундан ташқари, вилоятимиз ҳудудида жойлашган Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари ва коллежларда клиник базаларни ташкил этиш мақсадида Абу Али Ибн Сино номидаги Самарқанд, Сиёб, Ургут, Пастдарғом, Иштихон, Каттакўрғон, Пахтачи, техникумлари билан келишилган ҳолда уларга Самарқанд Давлат тиббиёт институтининг 32 та клиник кафедралари бириктирилди ва жамоат саломатлиги техникумларида талабаларнинг ўқув амалиётини ўтиши учун барча шарт-шароитлар яратилиб берилди.
Абу Али Ибн Сино жамоат саломатлиги техникумларида ташкил этилган институтимиз кафедралари клиник базаларига 6 нафар тиббиёт фанлари доктори, профессорлар, 20 нафар тиббиёт фанлари номзодлари ва 31 нафар ассистентлардан иборат жами 57 нафар малакали мутахассислар масъул этиб тайинланди.
Таъкидлаш жоизки, ўзаро интеграция асосида жорий йилнинг 19 апрель кунидан бошлаб, Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумларининг етакчи ўқитувчилари ҳам жойларда ташкил этилган клиник базаларда институт талабаларига календарь-тематик режа асосида дарс бера бошлашди.
Институтда ҳозирги вақтда бакалавриатнинг 10 дан ортиқ йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланмоқда, биринчи курсга 2020-2021 ўқув йилида 1030 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинди. Шу йил институтимизда Фармация иши, Тиббий профилактика, жамоат саломатлиги ва тиббий биология факультетлари ва Халқ табобати бўйича янги йўналишларнинг очилиши янги имкониятлар эшикларини очиб берди.
Йилдан-йилга тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёжнинг ошиб бориши тиббиёт олий таълим муассасаларига қабул квоталарининг оширилишига сабаб бўлмоқда. Кўп сонли талабаларга малакали, сифатли таълим бериш учун институтимизнинг моддий техник базасини юксалтириш борасида 800 ўринли янги ўқув биноси қуриб битказилиш арафасида. Ўтган давр мобайнида профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олиб деярли ҳар куни онлайн конференциялар, давра суҳбатлари ва вебинарлар ташкил қилиш йўлга қўйилган. Бу каби тадбирлар натижаси ўлароқ бугун институтнинг илмий салоҳияти 29,7 фоиздан 40 фоизга ошганлигини кўришимиз мумкин.
2020-2025 йилларда Самарқанд давлат тиббиёт институтида илмий-тадқиқот ишларини 5 та устувор йўналишларда олиб борилиши режалаштирилган. Булар:
• Ижтимоий аҳамиятга эга юқумли ва юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, диагностикаси ва даволаш бўйича устувор технологияларни ишлаб чиқиш;
• Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини сақлаш соҳасига янги технологиялар киритиш;
• Шикастланишлар, хирургик ва ўсма касалликлари профилактикаси, диагностикаси ва даволаш бўйича замонавий технологияларни ишлаб чиқиш ва киритиш;
• Янги дори препаратлари ва инновацион тиббиёт биотехнологияларини ишлаб чиқиш ва амалиётга киритиш;
• Инновацион ахлоқ психологияси: инновацион шахсни шакллантириш. Замонавий жамиятнинг ижтимоий-гуманитар муаммолари.
2020 йилда барча кўрсатилган мавзулар давлат регистрациясидан ўтказилди ва регистрация рақамига эга бўлди.
Институтда илмий-тадқиқот ишларининг сифат ва самарадорлигини яхшилаш, кафедралар илмий салоҳиятини кўтариш, ёш педагог ходимларнинг Scopus ва Wos илмий базаларга кирувчи журналларда мақола чоп этиш, монографиялар нашр қилиш ва диссертация тадқиқотларини олиб бориш бўйича кўникмаларини ошириш мақсадида “E-line Press” МЧЖ томонидан ташкил этилган ўқув семинарларида 20 нафар ёш иқтидорли ходимларнинг малака ошириши таъминланди. Айнан “E-line Press” МЧЖ ўқув курсларида малака оширган ходимлар томонидан институт профессор-ўқитувчиларини Scopus ва Wos илмий базаларга кирувчи журналларда мақола чоп этиши бўйича 12 та мавзуда ўқув семинарлари ташкил этиб берилди.
Самарқанд Давлат тиббиёт институти республикамизнинг нуфузли олий таълим муассасаларидан ташқари бугунги кунда фаол илмий тадқиқотлар олиб бораётган Европа, Осиё ва Aмериканинг кўплаб илмий-тадқиқот ташкилотлари, олий тиббий таълим муассасалари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатган ва меморандумлар имзоланган. Имзоланган келишувлар бизга мазкур тиббиёт муассасалари билан биргаликда илмий изланишлар олиб бориш, профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш ҳамда талабалар ва ўқитувчиларнинг академик алмашинув дастурларини кенг жорий қилиш имконини беради. Институтда 2021 йилдан бошлаб Европа Иттифоқининг “ERASMUS” дастури доирасида умумий қиймати 2 миллион еврони ташкил этувчи 2 та халқаро академик грант лойиҳа, шунингдек АҚШнинг “Smile Trend” ташкилотининг гранти ҳисобидан стоматология ва юз-жағ жарроҳлиги соҳасида илмий лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг асосий мақсади институтда олиб борилаётган таълим жараёнларини халқаро стандартларга мослаштириш ҳамда олиб борилаётган илмий ишларнинг халқаро эътирофига эришишдан иборат.
Шу билан бирга ўтган ўқув йилидан бошлаб биз институтимизга олий тиббий маълумот олиш истагани билдирган 475 нафар хорижий талабаларни қабул қилдик. Яқин келажакда биз жаҳон рейтингида энг яхши 1000 та университетга киришни режалаштирмоқдамиз. Бунинг учун бизда етарли имкониятлар, шу жумладан илмий салоҳият мавжуд деб ўйлайман.
Карантин режими эълон қилинган вақтдан бошлаб институтимиз масофадан туриб ўқитиш жараёнига тубдан тайёргарлик кўришга муваффақ бўлди. Барча асосий ўқув материаллари электрон форматда таржима қилинган ва махсус яратилган виртуал ресурс базаларига жойлаштирилган бўлиб, уларга институтнинг барча ўқитувчилари ва талабалари киришлари мумкин. Шунинг учун биз ўқув йилини мажозий маънода тўлиқ қуролланган ҳолда бошладик.
Шуни таъкидлаш керакки, пандемия даврида малакали тиббиёт ходимларига бўлган талаб сезиларли даражада ошиб кетди. Бир сўз билан айтганда жамиятда тиббий ходимларининг аҳамияти, мамлакатдаги ижтимоий хавфсизлик масалаларида уларнинг тақдири ҳақиқий пандемия билан намоён бўлди ва бу борада халқимизга сифатли тиббий ёрдам кўрсатишда ҳали олдимизда жуда кўп ишларни амалга оширишимиз зарурлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Мана шундай муаммоларни бир мунча олдини олиш мақсадида 2020-2021 ўқув йилидан эътиборан Самарқанд давлат тиббиёт институтида Россия Федерацияси, Украина ва Полша Республикалари билан ҳамкорликда бакалавриат ва магистратура таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурларига қабул амалга оширилди. Булар қуйидагилардан иборат:
1. «Даволаш иши» қўшма таълим дастури, Приволжск тадқиқот тиббиёт университети (Россия Федерацияси) – қабул квотаси 50 ўрин;
2. «Стоматология» қўшма таълим дастури, Приволжск тадқиқот тиббиёт университети (Россия Федерацияси) – қабул квотаси 50 ўрин;
3. «Педиатрия иши» қўшма таълим дастури, Киров давлат тиббиёт университети (Россия Федерацияси) – қабул квотаси 50 ўрин;
4. «Психология (клиник психология)” қўшма таълим дастури, И.Н. Улянов номидаги Чуваш давлат университети (Россия Федерацияси) – қабул квотаси 15 ўрин;
5. «Олий ҳамширалик иши» қўшма таълим дастури, Я.Б. Горбаческий номидаги Тернопол миллий тиббиёт университети (Украина Республикаси) – қабул квотаси 25 ўрин;
6. «Менежмент: соғлиқни сақлаш менежменти» қўшма таълим дастури, National Louis University Олий бизнес мактаби (Полша Республикаси) – қабул квотаси 15 ўрин;
Юқорида келтирилган бакалавриат таълим дастурлари билан бир қаторда, институтда Украина Республикасининг Я.Б.Горбаческий номидаги Тернопол миллий тиббиёт университети билан «Олий ҳамширалик иши» мутахассислиги, Полша Республикасининг National Louis University Олий бизнес мактаби билан «Менежмент: соғлиқни сақлаш менежменти» мутахассислиги ҳамда Беларус давлат тиббиёт университети билан қатор клиник мутахассисликлар бўйича қўшма магистратура таълим дастурлари ташкил этилди.
Институт талабаларини фаол яратувчанлик ишларига, яхши ўқишига кўмаклашиш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, «Ректор стипендияси» жорий этилди.
Институтнинг ҳар бир талабаси олийгоҳни нуфузи ва бўлажак шифокорлик касбидан фахрланиши ва унга муносиб бўлишини таъминлаш мақсадида “SAMMI UNION” ёшлар ассоциацияси ва «Талабалар илмий жамияти» ташкил қилинди.
Ҳозирда институтимизда ўқитишни ташкил этиш учун кредит-модуль тизими жорий этилган бўлиб, бу олий таълим соҳасида етакчи тенденция эканлиги намоён бўлмоқда. Ушбу тизимнинг республика олий таълимига татбиқ этилиши, шубҳасиз, кадрлар тайёрлаш ва таълим сифатини оширишга, шунингдек, бизнинг олий таълим тизимимизни жаҳон таълим тизимига жалб қилишга ёрдам беради. Республикамизда олий таълим соҳасидаги барча ислоҳотлар айнан шу нарсага қаратилган.
Шиддат билан ривожланаётган жамиятимизда келгусида халқаро меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган кучли тиббиёт кадрларини тайёрлаш ва сифатини ошириш, битириб чиқаётган ёш мутахассисларни муносиб иш билан таъминлаш масаласида ҳам тиббиёт муассасалари билан кенг ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ҳозирги кунда институт жамоасининг бутун потенциали мамлакатимизда тиббиёт соҳасини янада ривожлантиришга ва юксалтиришга, жаҳон талабларига мос малакали кадрларни тайёрлашга жалб этилган.
Жасур Ризаев,
Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори,
профессор
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг