Термиздаги ватусси меъёридан 4 йил кўп умр кўряпти

13:20 02 Август 2024 Жамият
212 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Термиз ҳайвонот боғида сақланаётган ватусси зотли Ҳиндистон буқаси айни пайтда 34 ёшда. Ваҳоланки, ушбу турдаги жониворлар 29-30 йил умр кўради.

«Қизил буқа» номи билан машҳур ушбу ватусси 1991 йилда Термиз ҳайвонот боғида дунёга келган. Унинг ота-онаси Ҳиндистондан келтирилган. Айни пайтда у 34 ёшда, меъёридан 4 йил кўп умр кўряпти.

— Бугунги кунда боғимизда жами 488 бош ҳайвон сақланмоқда. Шундан йиртқичлар 40 бош, судралиб юрувчилар 84 бош, туёқлилар 47 бош ҳамда қушлар 317 тани ташкил этади. Улар орасида ноёб турлар ҳам мавжуд. Улардан бири ватусси зотли Ҳиндистон буқасидир. Ушбу Ҳиндистон буқаси боғимизда ягона тур. Шу боис, ундан насл олиш имкони бўлмаган. Айни пайтда унинг умумий соғлиги яхши, иштаҳаси меъёрида. Доимий ветеринар назоратида туради. Бир кунда 40 кг. хашак, 3-4 кг. махсус озуқа берилади. Вазни 400 кг., шохларининг узунлиги 40 см.дан кўпроқ, — дейди Термиз ҳайвонот боғи бош зоотехниги Баҳодир Жумаев.

Маълумот учун, ватусси — дунёдаги энг шохлари узун буқа. Ушбу зот ҳайвонларнинг энг қадимий наслларидан саналади. Уларнинг аждодлари Африка ва Зебу буқалари ҳисобланади. Ватуссининг ўзига хослиги уларнинг шохларидир. Шохларнинг диаметри 35 см., орасидаги масофа 2 м., узунлиги 3,7 м., шохнинг оғирлиги эса 45 кг.гача бўлади. Ватусси шохлари терморегуляция вазифасини бажаради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер