Танзила Нарбаева Рақобатбардошлик ва статистика федерал маркази директори Ҳанан Ахли билан учрашди

20:11 05 Февраль 2023 Сиёсат
627 0

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

2023 йил 3 февраль куни Сенат Раиси Т.Нарбаеванинг БАА Рақобатбардошлик ва статистика федерал маркази директори Ҳанан Ахли билан учрашув бўлиб ўтди.

Марказ глобал ҳисоботларда БАА рақобатбардошлиги мониторинги ва миллий маълумотларнинг энг муҳим ҳукумат манбаларидан бири бўлиб, БААда барқарор ривожланиш мақсадлари учун масъул ҳисобланади.

Суҳбат чоғида томонлар халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш тажрибаси, шунингдек, гендер балансини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Хусусан, Т.Нарбаева халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш борасида БААнинг тажрибаси муҳим эканлиги ва бу борада икки мамлакат соҳага оид илғор методологик ва услубий ишланмаларнинг ўзаро самарали алмашинувини олиб бориши зарурлигини таъкидлади.

Ўз ўрнида, Ҳанан Ахли Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, иқтисодий ривожланиш бўйича эришилган ютуқлар ҳамда халқаро рейтинглардаги ижобий кўрсаткичларни юқори баҳолади. Икки мамлакат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ҳамда доимий мулоқотлари натижасида Ўзбекистон ва Амирликлар ўртасида кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётганини эътироф этди.

Шунингдек, БААда гендер тенгликни таъминлашда икки муҳим сиёсий ташаббус, яъни қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда хотин-қизларнинг таълими, ижтимоий-сиёсий онгини ошириш натижасида парламентда аёлларнинг улуши 50 фоизга, давлат бошқаруви органларида эса 30 фоизга етгани таъкидланди.

Бундан ташқари, учрашув давомида давлат органларида аёллар бандлиги даражасини ошириш, бизнес ва хусусий сектор соҳасига аёлларни фаол жалб этиш ҳамда гендер тенгликни таъминлашда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув сўнггида томонлар БАА Рақобатбардошлик ва статистика федерал маркази ва Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми ва «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер