Таниқли файласуф олим Абдураҳим Эркаев таваллудининг 75 йиллиги нишонланди
Фото: “Халқ сўзи”
Қарши давлат университетида мазкур ОТМ профессори, таниқли файласуф олим, ўзбек фалсафа мактабининг дарғаларидан бири, сенатор Абдураҳим Эркаев таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда олимнинг ҳамкасблари, дўстлари, шогирдлари, илм-фан ва ижод соҳаси вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Толибжон Мадумаров, Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев, Сенат аъзолари — Илҳом Қурбонов, Шермат Шамсиев ҳамда Хуршид Фозиловлар сўзга чиқиб, Абдураҳим Эркаевнинг кўп йиллик илмий ва меҳнат фаолияти, сенатор сифатида амалга ошираётган ишлари ҳақида тўхталиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоеванинг табригини ўқиб эшиттирилди.

Шунингдек, Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Азимов, Қарши Давлат университети ректори Дилмурод Набиев, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори Ориф Бозоров, Шаҳрисабз Давлат педагогика институти ректори вазифасини вақтинчалик бажарувчи Жамшид Шоназаровлар Абдураҳим Эркаевнинг мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, маънавий-маърифий соҳани юксалтириш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш йўлида олиб бораётган ҳам амалий, ҳам илмий-назарий ва маърифий-тарғибот ишларини мамнуният билан қайд этишди.

“Нуроний” жамғармаси Республика бошқаруви раиси ўринбосари Шароф Убайдуллаев Абдураҳим Эркаевга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини тантанали равишда топширди.
Шу куни университетда Абдураҳим Эркаев таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан чоп этилган “Дўстлар қутлови” китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди.
Тадбир Қарши шаҳридаги муҳташам тўйхонада бир пиёла чой устида давом эттирилди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг