Тахиатош туманида жами 8,6 млрд сўмлик табиий газ ўғирлаган учта АГТКШ фош қилинди

09:50 12 Февраль 2026 Жамият
101 0

Тахиатош туманидаги учта АГТКШда жами 8,6 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақида «Ҳудудгазтаъминот» АЖ хабар берди.

Унда айтилишича, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ҳамкорлигида Тахиатош туманида табиий газдан фойдаланиш ҳолатлари ўрганилганда ҳудуддаги бир нечта автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида қоидабузарликлар аниқланган.

Тумандаги «И. Р. 1» ва «И. Р. 2» МЧЖларга қарашли АГТКШлар хатловдан ўтказилганда, ҳар икки «метан заправка»даги ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир этиш ҳолатлари фош қилинган. Аниқланган ҳолатлар юзасидан далолатномалар тузилиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2 миллиард 468 миллион сўм ҳамда 2 млрд 330 млн сўмлик зарарлар қайд этилган.

Бундан ташқари, туман ҳудудида жойлашган «Т. М. С.» МЧЖга қарашли АГТКШда эса ҳисоблагичнинг ҳарорат датчиги кўрсаткичини ўзгартириш мақсадида мосламалар ўрнатилгани маълум бўлган. Ҳолат бўйича далолатнома расмийлаштирилиб, дастлабки хулосаларга кўра, 3 млрд 831 млн сўмлик табиий газ ҳажмлари қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Ҳозирда аниқланган барча ҳолатлар бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер