Тадбиркорни банкрот қилган “шароит”
Термиз шаҳридаги “Маърифат” маҳалласида жойлашган “Гулбаҳор нурли келажак” МЧЖ раҳбари Дилафруз Каримова 2011 йилдан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, 10 нафардан ортиқ жисмоний имконияти чекланган шахсларни иш билан таъминлаб келмоқда.
Бироқ, тадбиркор ва ногиронларнинг ишлаши учун алоҳида бинога эҳтиёж туғилади. Чунки ногиронларнинг ишлаши учун алоҳида шароитлар талаб этилади. Бундай шароитнинг йўқлиги эса тикув цехи фаолиятининг тўхтаб қолишига сабаб бўлган.
Дастлаб, тадбиркор алоҳида биноси йўқлиги учун бир неча марта бошқа жойларга кўчиб, сарсон бўлган. Оқибатда унинг 71 млн. сўмлик технологиялари яроқсиз ҳолга келган. Ҳар гал янги кўчган биноларда таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 50 млн. сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган ва банкротлик ҳолатига келиб қолган.

Ўзининг ҳам савобли, ҳам ижтимоий фойдали ишларини давом эттириш мақсадида ўтган йилнинг декабрида тадбиркор ижтимоий тармоқлар орқали ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Ушбу ҳолат вилоят прокурори томонидан зудлик билан ўрганилиб, Термиз шаҳридаги Маърифат маҳалласида жойлашган бино тадбиркорнинг балансига ўтказиб берилиши ва унинг атрофи тўлиқ ободонлаштирилиши ҳамда таъмирланишига амалий ёрдам кўрсатилди.
Ҳозирги кунда тикув цехининг фаолияти қайта йўлга қўйилиб, қўшимча равишда яна 20 нафар ногирон учун иш ўрини яратилди.
Раҳим ШЕРҚУЛОВ.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг