Тадбиркорлар ҳамда илмий ҳамжамият ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилади
«Тадбиркорлик субъектлари ҳамда илмий ҳамжамият ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақида «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-канали хабар берди.
Мазкур қарорга кўра, 2026 йил 1 июлгача тадбиркорлар ҳамда илмий ҳамжамият ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини таъминлаш мақсадида бир қатор имкониятларни ўз ичига олган махсус электрон платформа ишлаб чиқилиши белгиланди:
Жумладан:
- яратилган янги ишланмалар бўйича тадбиркорлар ва инвесторлар учун батафсил маълумотларни акс эттирувчи электрон шаклда юритиладиган Янги ишланмалар базасини ташкил этиш;
- илмий изланувчилар ва уларнинг тадқиқот мавзулари реестрини юритиш орқали илмий тадқиқот йўналишлари бўйича илмий ишланмалар муаллифлари ва тадбиркорлар учун очиқ маълумотлар майдонини яратиш;
- тадбиркорлар томонидан ўз фаолият йўналишларида илмий тадқиқотлар орқали ечимини топиш зарур бўлган муаммоларни киритиш имкониятини яратиш.
Шунингдек, 2026 йил 1 августга қадар Махсус платформа «Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги» электрон платформасига интеграция қилинади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг