Тадбиркор ҳуқуқларининг ҳимояси йўлида
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Шеробод туманидаги Дўстлик маҳалласи ҳудудида «Холмурод бобо барака» фермер хўжалигини ташкил қилган Музаффар Эшмўминовга 2018 йилда туман ҳокимининг қарори билан қарийб 33 гектар ер майдони 30 йилга ижарага берилганди. 2019 йил 24 январь куни Шеробод тумани ҳокимининг қарори билан ҳеч бир асоссиз ижарага олиш шартномаси бекор қилиниб, ер майдони туман ҳокимлиги захирасига қайтарилди. Шундан кейин ҳуқуқлари бузилган фермернинг бу масала бўйича мурожаат қилмаган идораси қолмади ҳисоб.
— Сабабсиз ерни тортиб олишди, икки йил сарсон бўлдим. Шунга қарамасдан ҳақиқат йўлида курашни тўхтатмадим, — дейди М. Эшмўминов. — Менга Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Сурхондарё вилоятидаги шўбаси қанот бўлди. Ушбу масала бир ойга қолмасдан ижобий ҳал этилиб, ерни қайтариб олиб беришди. Бугунги кунда фермерлик фаолиятимни ҳеч бир тўсиқсиз давом эттиряпман. Ишимга унумдорлик, барака кирди, иштиёқим ошди. Далага ёмғирлатиб суғориш технологиясини ўрнатдик. Бу йил 20 гектар ғалла экиб, гектаридан 55 центнергача ҳосил олдик. 10 гектар майдонда пахтанинг серҳосил навини парваришлаяпмиз. Ҳосилни 50 центнердан мўлжаллаб турибмиз. Ҳозир хўжалигимизда 10 та доимий иш ўрни мавжуд. 50-60 нафар одамни мавсумий иш билан таъминлаймиз. Ғалладан бўшаган ерга кўкат, карам, дуккакли ўсимликлар экдик. Биз тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтирган Президентимиздан миннатдорман.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, иқтисодиётда давлат улушини босқичма-босқич камайтиришга қаратилган аниқ манзилли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида»ги Фармони бу борада муҳим аҳамият касб этди. Ушбу институт тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасидаги самарали мулоқотнинг янги механизмларини жорий қилишга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган давлат ҳимоясининг қўшимча кафолатларини яратишга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда Сурхондарё вилоятида 33 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда. Иш билан банд аҳолининг 75 фоизи ҳамда бюджет даромадларининг 60 фоизи айнан хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
— Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 145 та мурожаат келиб тушди, — дейди Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Сурхондарё вилоятидаги шўбаси инспектори Зиёдилла Ортиқов. — Ушбу мурожаатларнинг 60 таси ижобий ҳал этилди, 85 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди. Мурожаатлар асосида 4 та даъво аризаси тайёрланиб, судларга тақдим этилиши ортидан тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланди. Шунингдек, бундай мурожаатлар билан ишлашда қонун талабларини бузган 53 нафар мансабдор шахсга маъмурий баённома расмийлаштирилиши таъминланди. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларида ноқонуний текширувни амалга оширган ҳамда текшириш тадбирини бузган 43 нафар мансабдор шахсга маъмурий баённома тузилди.

Мухтасар айтганда, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича татбиқ этилаётган чора-тадбирлар иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлган тадбиркорлик субъектлари манфаатлари устуворлигини амалда таъминламоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг