“Сувдан қарзимиз йўқ, лекин арзимиз бор...”
Аҳолини марказлашган ҳолда ичимлик суви билан таъминлаш энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, бугун мамлакатимизда бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада кўплаб чекка ҳудудларга ҳам обиҳаёт етиб боряпти.
Бинобарин, тизимидаги ишларни юқори босқичга кўтариш, марказлашган сув таъминотига эга бўлган ҳудудлар қамровини янада ошириш эса кўп жиҳатдан аҳолининг сув учун белгиланган тўловларни ўз вақтида амалга оширишига ҳам боғлиқ. Аммо баъзан негадир сувдан қарзи йўқларнинг арзи кўпайиб бормоқда.
Шундай бир мурожаат асосида “Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖнинг Қарши туманидаги бўлимида бўлдик. Эрта тонгдан бу ерда жуда кўп одам йиғилган. Уларнинг аксарияти бир масала — номига ёзилган қарздорлик сув ҳисоблагичдаги рақамларга мувофиқ эмаслигини ҳал этиш учун келишган. Яъни ортиқча қарздорлик қаердан келганига улар ҳайрон. Ахир сув ҳисоблагич адолатли “ҳакам” вазифасини ўтайдику! Компьютерга нореал рақамларни ким жойлаштирган. Асосий муаммо шунда эди.
— Битта ҳовлини фарзандларим учун олиб қўйганман, — дейди туманнинг Батош маҳалласида яшовчи Сайёра Шарипова. – У ерда ҳозир ҳеч ким яшамайди. Шунга қарамай, сув учун ҳисоблагич ўрнатиб, барча ҳужжатларини расмийлаштирганмиз. Ҳисоблагич кўрсаткичи бўйича тўловларни ҳам амалга оширганмиз. Бироқ охирги уч ой ичида сувдан умуман фойдаланмаган бўлсакда, 500 минг сўмдан ортиқ қарздорлик чиқибди. Бу қарздорлик қаердан пайдо бўлиб қолди?!
Мурожаатчиларда бу каби саволлар кўп, бўлимда эса уларнинг саволларига асосли жавоб қайтарадиган бирор масъул йўқ эди. Ўзини оператор, деб таништирган Шуҳрат Рўзиевнинг тушунтиришича, бу “база”нинг иши.
— Истеъмолчи ҳисоблагични ўрнатгач, унинг кўрсаткичларини ҳар ой uzsuv.uz сайти орқали базага киритиб бориши керак, — дейди у. – Агар бир ойдан ошиқ вақт давомида ҳисоблагич кўрсаткичи базага киритилмаса, унда база абонентга автоматик равишда аввалги ойлардаги ўртача кўрсаткич асосида сув истеъмолини ёзади. Буни одамларимиз тушунмаяпти. Сувдан фойдаланмаган тақдирда ҳам ҳисоблагичнинг кўрсаткичини ҳар ой uzsuv.uz сайти орқали ёки бевосита бўлимга мурожаат қилиб, базага киритиб бориши керак. Бўлмаса, база автоматик тарзда унинг ҳисобига сув истеъмолини қўша бошлайди.
Албатта, сайт орқали ўз “шахсий кабинети”га кириб, ҳисоблагич кўрсаткичларини у ерда қайд этиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмаслиги ёки бунга имкони йўқ бўлиши мумкин. Ҳар ой ҳудудий сув таъминоти бўлимига келиб, ҳисоблагич кўрсаткичини қайд эттириб кетишга ҳам кимдир вақт топмайди, кимнингдир ёдидан кўтарилиб кетади. Ана шундай вақтда уларга истеъмол қилмаган суви учун ҳам тўлов ёзадиган “база”нинг ишини эса тушуниш қийин.
Туманнинг Тўрақул қишлоғида яшовчи яна бир гуруҳ аҳолининг эътирози эса “база” эмас, балки туман сув таъминоти бўлими ходимларидан.
Уларнинг айтишича, ҳудудга марказлашган қувур орқали сув талаб даражасида бормай қўйгач, 2016 йилнинг 1 январидан тармоқдан узилиб, сувни сотиб олиб ичишга ўтган. Бу ҳақда ўша вақтда туман сув таъминоти бўлимига ёзма равишда маълум қилишган. Бўлим ходимлари бориб, бу ҳақда тегишли далолатномаларни расмийлаштирган ҳам. Лекин орадан 3 йил ўтиб уларга сув истеъмолидан қарздорлиги, тўловларни ўз вақтида амалга оширмаса, тегишли тартибда жаримага тортилиши ҳақида талабнома келади.
Яна ичилмаган сув учун югур-югур, оворагарчилик. Улар туман сув таъминоти бўлимига мурожаат этишади. Бўлимдан ҳудудга бириктирилган вакил иштирокида уларнинг марказлашган сув тармоғидан узилгани, қарзи йўқлиги ҳақида далолатномалар тузилиб, белгиланган қарздорлик нореал қарздорлик сифатида эътироф этилади.
Қизиғи, бу ҳол ҳали-ҳамон давом этиб келмоқда. Аҳоли ҳар йили ўзларининг марказлашган сув таъминотига уланмагани, ўзларига ҳисобланган қарздорлик эса асоссиз эканлигини исботлаш билан овора. Бунинг учун уларнинг кетаётган вақти, маблағи, асаббузарликларини эса тушуниш қийин эмас.
Афсуски, бу ҳолатга на туман сув таъминоти бўлими раҳбари, на бўлим бош муҳандисидан жўяли жавоб ололдик. Улар ҳолатни обдон ўрганиб кўришлари кераклигини айтиш билан чекланишди. Бўлимдан Тўрақул қишлоғига бириктирилган вакил – Жавоҳир Жабборов эса ҳақиқатан ҳам рўйхатдаги фуқароларнинг марказлашган сув таъминотидан узилганини инкор этмади.
— Тўғри, 2016 йилда бу хонадонлар тармоқдан узилган, — дейди у. – Бироқ, кейин назорат Мажбурий ижро бюросига ўтгач, улар рўйхатни биздан олиб, базага киритишган. Натижада рўйхатдаги “музлатилган” истеъмолчилар ҳам базага киритиб юборилган бўлиши мумкин. Энди уларни базадан чиқариш учун эса бизга расман ариза билан мурожаат қилиши, шундан сўнг тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, “Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖга юборилиши керак. Бўлимнинг ўзида эса бирор-бир истеъмолчини базадан чиқариш имкони йўқ.
Қизиқ томони, айнан Жавоҳир Жабборовнинг ўзи муаммодан хабардор. Бундан олдин ҳам ушбу мурожаатчиларнинг тармоқдан узилганлиги, уларга ҳисобланган қарздорлик нореал эканлиги тўғрисидаги далолатномаларга имзо чеккан. Бироқ аҳоли бу ҳақда бўлимга расман ариза билан мурожаат қилмагани учун, муаммо давом этиб келаётган эмиш.
Бу бизнинг кузатганимиз — “Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖнинг Қарши туман сув таъминоти бўлимидаги гаплар. Бироқ бу муаммо бошқа ҳудудларга ҳам бегона эмас. Кимдир ҳақиқатан етказиб берилган ичимлик суви ҳақини ўз вақтида тўламаётган бўлса, аслида истеъмол қилмаган суви учун номига ёзилган қарздорликни ёпа олмай овора бўлиб юрганлар ҳам кўп.
Муаммони ўрганиш чоғида катта ёшли бир онахоннинг гаплари эътиборимизни тортди:
— Мана, свет билан газ муаммо бўлмаяптику, ишлатганимизга яраша пулини тўлаяпмиз, ҳаммаси очиқ-ойдин, ҳисоб-китобли, сувники эса доим муаммо, ؙ—дея эътироз билдирди у.
Ҳақиқатан ҳам, электр ва табиий газ таъминотида онлайн ҳисоблагичларга ўтилгач, бу борадаги муаммоларга барҳам берилди. Ичимлик суви таъминотида эса бугунги тўлов тизими ўзини оқламаётган экан, “Ўзсувтаъминот” АЖ масъуллари соҳага замонавий технологияларни жорий этиш ҳақида бош қотириши зарур, назаримизда. Токи, бирор киши ичмаган суви учун бадал тўлашга мажбур бўлмасин.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг