Сув йўлларини бетонлаштириш сув тежашнинг инновацион усули
Мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали ва тежамкор фойдаланишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, Самарқанд вилоятида сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришни яхшилаш мақсадида қатор ишлар олиб борилмоқда. Бунда канал ва ариқларни бетонлаштириш орқали сув йўқотишларини камайтириш, суғориладиган майдонлар ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Ана шу мақсадда Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 21-октябрдаги қарорига мувофиқ, 2025-2026 йиллардаги куз-қиш ва баҳор вақтларида Самарқанд вилоятида 5 та объектда канал ва суғориш тармоқларини бетонлаш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ички хўжаликлар, хўжаликлараро ва магистрал каналлари, вилоятдаги барча туман “Сув етказиб бериш хизмати” Давлат муассасалари балансидаги ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш бўйича 420 километр масофа режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 420,9 километр бетонлаштирилган.

Вилоятда шунингдек, кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 2400 километр ички суғориш тармоқларини ҳам бетонлаштириш ишлари режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда бу ишлар тўлиқ бажарилди.
- Республика бюджети ҳисобидан амалга оширилаётган Қўшработ туманидаги “Оқтепасой”га оқиб келувчи 2 километр канални бетонлаш ва сув тўсиш иншооти қуриш 100 фоизга бажарилган, — дейди “Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси шуъба бошлиғи Ҳусан Ҳожиқулов. — “Оқдарё” дарёсининг ПК10+00 дан ПК60+70 гача қисмини реконструкция қилиш ва гидротехник иншоотларни таъмирлаш ишлари ҳам тўлиқ якунланди. Иштихон тумани “Барлос” МФЙ ҳудудидаги “Тўсинсой” сойига сув тўсувчи иншоот қуриш ва “Янгикент” насос станциясига сув келтирувчи 1,5 километр канални бетонлаштириш ишлари ҳам деярли бажариб бўлинди. Шу билан бирга Пайариқ туманидаги “Пай” каналини ПК35+00 дан ПК183+00 гача 13,3 километр қисмини тўлиқ реконструкция қилиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда у ҳам деярли якунланмоқда.

Бундан ташқари, мелиорация объектлари бўйича Пайариқ туманидаги “Қаландар” коллекторини 1,4 километр ёпиқ-ётиқ дренаж тармоғига айлантириш тўлиқ 90 фоизга бажарилган бўлса, Иштихон туманидаги “Оққўрғон-2” коллекторини 1,7 километр ёпиқ-ётиқ дренаж тармоғига айлантириш ҳамда Пайариқ туманидаги “Янги тўққиз” коллекторининг 1,3 километр қисмини бетонлаштириш бўйича қурилиш ишлари 2 сменада олиб борилмоқда. Бу борадаги белгиланган ишлар май ойига қадар тўлиқ якунланади.
Шунингдек, Булунғур туманида 23,5 километр узунликдаги Оқтепа каналини бетонлаш, 11,3 километр қувур тортиш ва 2,5 километр лоток ўрнатиш орқали 2,2 минг гектар ер майдонининг сув таъминотини яхшилаш бўйича ишлар ҳам якунига етказилмоқда.

- Мазкур каналнинг бугунги кунга қадар 20 километрдан ортиқ қисми бетонлаштирилди. Қолган қисмида ҳам бетонлаш ишлари жадал давом этмоқда, — дейди Булунғур туман ҳокими ўринбосари Аслиддин Маматмусаев. — Қувур тортиш ишлари ҳам якунига етказилмоқда. Ҳозирда вигитация даврида суғориладиган ерлар ва томорқаларни сув билан узлуксиз таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
2026 йилда вилоятда амалга оширилаётган бетонлаштириш ишлари якунлангандан кейин каналларнинг фойдали иш коэффициенти 0,67 дан 0,68 га етказилади. Шунингдек, 351,5 миллион куб метр сувни тежаб қолиш имконияти юзага келади.
Шунинг ўзиёқ бу каби ишларни сифатли бажариш энг муҳим вазифалардан бири эканлигини кўрсатиб турибди. Ана шу мақсадида барча объектлар Самарқанд вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси томонидан доимий назоратга олинган.

Ўтган ойда Булунғур туман прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган мониторинг тадбири давомида “Оқтепа” каналини бетонлаш ишларида қурувчилар томонидан йўл қўйилган бир қатор камчиликлар аниқланган ва жойида бартараф этилган.
Хусусан, каналнинг ПК0+00 дан ПК91+00 қисмида 220 квадрат метр сифати паст бетон ишлари бажарилгани аниқланиб, ушбу қисм жойида буздирилиб, иш қайта бажарилган. Шунингдек, ижро ҳужжатлари юритилмагани, ишчилар махсус кийим-бош билан таъминланмагани ҳам маълум бўлган.
Шу каби камчиликлар Пайариқ туманидаги “Пай” канали ва бошқа объектлардаги иш жараёнларида ҳам аниқланиб бартараф этилган. Мамлакатимизда сув ресурсларидан тежамкорлик билан самарали фойдаланишга давлат даражасида устувор аҳамият қаратилаётган бир пайтда қурувчиларнинг бу каби камчиликларга йўл қўяётганлигини қандай изоҳлаш мумкин.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг