Сурхондарёда умумхалқ хайрия ҳашари уюшқоқлик билан ўтказилмоқда
Сурхондарё вилоятида «Юрт ободлиги — аввало маҳалладан бошланади» шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари уюшқоқлик ва кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида эрта тонгданоқ аҳоли, маҳалла фаоллари, ташкилот ва муассасалар ходимлари бир ёқадан бош чиқариб, ободонлаштириш ишларига киришдилар.
Маҳаллалар, кўчалар ва хиёбонларда тозалик ишлари жадал олиб борилмоқда. Шунингдек, ташкилот ва муассасалар ҳудудларида кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, бўш майдонларга гул кўчатлари экиляпти. Дарахтларга шакл берилиб, атроф-муҳит янада чиройли ва файзли кўриниш касб этмоқда.

Ҳашар давомида муқаддас қадамжолар ва қабристонлар ҳам тартибга келтирилиб, улар атрофи обод этилмоқда. Ариқ ва зовурлар тозаланиб, аҳоли яшаш манзилларининг санитар ҳолатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Икки кун давом этадиган умумхалқ ҳашари доирасида кенг кўламли ишлар режалаштирилган. Хусусан, биринчи куннинг ўзидаёқ воҳа аҳолиси томонидан 2 минг гектардан ортиқ ҳудудни ободонлаштириш, 1,5 минг тонна чиқиндиларни олиб чиқиш, шунингдек, кўплаб ариқ ва зовурларни тозалаш ишлари амалга оширилиши белгиланган.
Шунингдек, тадбир доирасида 881 та қабристон, 35 та зиёратгоҳ ҳамда қарийб 13 мингта кўча ҳудудида ободонлаштириш ва тартибга келтириш ишлари олиб борилмоқда.
Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг