Сурхондарёда энг намунали ёшлар етакчилари аниқланди

15:29 03 Декабрь 2024 Жамият
567 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Маҳаллаларда ёшларнинг иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, айниқса, уюшмаган ёшларни бирлаштириб, уларни касб-ҳунарли қилишда ҳудуддаги ёшлар етакчисининг ўрни аҳамиятли. «Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» танлови мана шундай фаол ёшлар етакчиларини аниқлашга хизмат қилмоқда.

Етакчилар онги, қалбида «Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш — олий бурчимиз!» ғоясини мустаҳкамлаш, уларда ватанпарварлик ҳамда юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини кучайтириш, шахсий фазилатлари билан ёшларга намуна бўлаётган ёшлар етакчиларини рағбатлантириш, юксак билимли ва профессионал касбий маҳоратга эга бўлган истеъдодли ёш кадрларни аниқлаш, раҳбарлик лавозимларига тайинлаш ҳамда кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида «Энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» танлови анъанавий ўтказиб келинмоқда.

Мазкур танловнинг Сурхондарё вилояти босқичида 112 нафар маҳалла ёшлар етакчиси «Ёшлар баланси» тизими асосида самарали иш ташкил этган энг намунали маҳалла етакчиси», «Ёшлар дафтари» тизими асосида самарали иш ташкил этган энг намунали маҳалла етакчиси», «Ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этган энг намунали маҳалла етакчиси» каби 10 та йўналиш кесимида иштирокчилар ўзаро беллашди.

Хусусан, Бойсун туманидаги Хўжабулғон маҳалласи ёшлар етакчиси Йўлчи Худойқулов томонидан жорий йил бошидан буён ёшларни спортга, турли касб-ҳунар тўгаракларига жалб этиш борасидаги ташаббуслари натижасида бугун хўжабулғонлик ўғил-қизлар юксак натижаларни қўлга киритиб келмоқда. Оммавий байрамлар, турли сайллар, шунингдек, «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида китобхонлик, маданият ва санъат, интеллектуал ўйинлар, ахборот технологиялари ҳамда спорт турлари бўйича ўтказиб келинаётган мусобақада хўжабулғонлик ёшлар ҳамиша олдинги қаторда. Танлов жараёнида унинг бу борадаги фаоллиги ижобий баҳоланди.

Якуний натижаларга кўра, ғолибликни қўлга киритган 10 нафар ёшлар етакчисига диплом ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер