Сунъий интеллект даврида таълим қандай ташкил этилиши керак?

15:54 13 Март 2026 Жамият
296 0

Сунъий интеллект (СИ)нинг чуқур ўзлаштирилиши тиббиёт, транспорт, энергетика, таълим ва давлат бошқаруви каби кўплаб соҳаларда инновацион ечимлар яратиш ҳамда глобал рақобатбардошликни ошириш имконини бермоқда.

2025 йил 21 октябрь куни Тошкент шаҳридаги IT-паркда ҳудуд ва тармоқларда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш юзасидан ўтказилган видеоселекторда Президентимиз: “Бугун инсоният янги цивилизация босқичига — сунъий интеллект даврига дадил қадам қўймоқда. Бундай технологиялар иқтисодиётдан тортиб, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқарув тизимигача чуқур кириб бормоқда. Қайси соҳа бўлмасин, ким бу жараёнда қаттиқ изланиб, аниқ натижа қилса, бир қадам олдинда юрса, марра шуники бўлади”, деган эди.

Дарҳақиқат, бугунги дунёда иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, транспорт, энергетика ва ҳатто давлат бошқаруви жараёнлари шунчалик мураккаблашиб кетдики, уларни анъанавий усуллар билан бошқариш тобора қийинлашмоқда. Маълумотлар ҳажмининг кескин ўсиши, тезкор ва аниқ қарорлар қабул қилишга эҳтиёж, инсон ресурсларининг чеклангани ва хатолик эҳтимоли жамиятни янги ёндашувларни излашга мажбур қилаётир. Ана шундай шароитда СИ реал муаммоларни таҳлил этиш, башорат қилиш ва оптималлаштиришда рақамли муҳитларда юқори самарадорлик кўрсатиб, стратегик технологияга айланди.

Шу сабабли, СИни фан сифатида ўқитиш эҳтиёжи ортиб боряпти. Аммо соҳада юқори малакали кадрлар етишмовчилиги дунё миқёсида кескин сезилмоқда, бу эса таълим тизими ўқув дастурларига СИ бўйича фанларни киритишни талаб қилади.

Истеъмолчи эмас, ечим яратувчи

Сунъий интеллект таълими ёшларнинг аналитик фикрлашини ривожлантириб, жамиятни технология истеъмолчиси эмас, балки ечим яратувчи кучга айлантиради. Рақобат кучайиб бораётган глобал шароитда СИни ўз вақтида ўқув жараёнларига жорий этган давлатлар келажак меҳнат бозорини бошқарувчи ва инновациялар генераторига айланиши тобора яққол кўринмоқда.

Масалан, АҚШнинг Калифорния штатида 6 ва 11-синф ўқувчилари учун жорий этилган “Сунъий интеллект саводхонлиги” дарслари энди оддий код ёзишни ўргатиш билан чекланмай, ўқувчиларни “Сунъий интеллект жамиятга қандай таъсир кўрсатади?”, “Қайси муаммоларни ҳал қила олади?” каби реал ҳаётий саволлар устида фикр юритишга, мантиқий ва ижодий ечимлар таклиф қилишга ўргатади.

Финляндия ҳам СИ бўйича оммавий таълим дастурини бошлаб берган давлатлардан биридир. “Elements of AI” курси нафақат ўқувчиларга, балки кенг жамоатчиликка ҳам бепул таклиф этилиб, қисқа муддатда ярим миллиондан ортиқ инсонлар СИ асосларини ўрганди. Бу тажриба кейинчалик мактаб ва университетларнинг расмий ўқув дастурларига интеграция қилинди.

Ёки Хитой мактабларида 2020 йилдан бошлаб 7 ва 11-синфлар учун сунъий интеллект асослари мажбурий фан сифатида ўқитилмоқда. Кўплаб мактабларда махсус СИ лабораториялари ташкил этилиб, ўқувчилар робототехника, сенсорлар, дронлар ва дастурлаш орқали реал ҳаётдаги муаммоларга амалий ечим ишлаб чиқмоқда.

Японияда эса СИ таълимини мукаммаллик маданияти билан уйғунлаштириб, ўқувчиларга илк босқичдаёқ алгоритмлаш, мантиқий боғланишлар ва маълумот таҳлили каби асосий кўникмалар шакллантириб борилмоқда.

Жаҳон тажрибасида сунъий интеллект таълими бу фақатгина дастурлашни билиш эмас, мантиқий фикрлашни ривожлантириш, таҳлилий ёндашувни шакллантириш, маълумотлар билан ишлаш кўникмасини мустаҳкамлаш, ноанъанавий ва инновацион ечимлар яратиш ҳамда ўқувчини келажак касбларига тайёрлаш жараёнидир. СИни эрта босқичдан ўргатган мамлакатлар глобал бозорда ечим яратувчи кучли рақобатбардош жамиятга айланмоқда. Шундай экан, Ўзбекистонда ҳам мактаб ва олий таълим тизимига сунъий интеллект фанларини изчил татбиқ этиш — замон талаби, иқтисодий эҳтиёж ва миллий ривожланишнинг муҳим стратегик йўналишидир.

Истиқбол сари муҳим қадамлар

Эътироф этиш лозим, юртимизда ҳам сўнгги йилларда рақамли трансформацияни амалга ошириш ва сунъий интеллект технологияларини қўлланишда ижобий қадамлар кўзга ташланмоқда. Ўзбекистонда яқин келажакда СИ технологиялари суд тизими, соғлиқни сақлаш, транспорт, таълим, давлат бошқаруви каби кўплаб соҳалар учун ишлаб чиқилади ва жорий қилинади.

Ўзбекистон келажакда рақобатбардош иқтисодиётни қандай яратади? Бу саволнинг жавоби таълим тизимида, айниқса, мактабдан бошланадиган технологик саводхонликда яширинган. Мактабларимизда айнан шу моделни ўтиш орқали самарали фикрловчи, таҳлилий ақлга эга, масъулиятли технологик билимли авлодни шакллантириш мумкин.

Таълимнинг мактабдан кейинги босқичи бу университет даражаси бўлиб, жаҳон олийгоҳларида СИ алоҳида фан эмас, балки иқтисодиётнинг турли сегментларига интеграция қилинувчи куч сифатида қаралмоқда. Айнан шу модель Ўзбекистон учун ҳам мос келади. Чунки юртимиз олийгоҳларида “СИ + соҳа” тамойили асосида янги йўналишлар яратиш бўйича ишлар бошланган бўлиб, турли иқтисодиёт тармоқларидаги таълим муассасаларида СИ ва “Data Science” каби курслар очилган.

Ўзбекистонда сунъий интеллектни таълим тизимига жорий этиш бўйича қизиқиш кучайиб бораётган бўлса-да, ушбу жараён амалий босқичда қатор тизимли муаммоларга дуч келмоқда. Аввало, мактабларда СИ фанини тўлақонли ўқитиш учун зарур техник инфратузилмани янгилаш лозим. Иккинчи йирик муаммо, бу — кадрлар танқислиги бўлиб, у бевосита университетлар фаолияти билан боғлиқ. Сунъий интеллект йўналишларида назарий ва амалий билимларга эга педагогларни айнан олий таълим муассасалари тайёрлайди, бироқ ҳозирча бу соҳага ихтисослашган профессор-ўқитувчилар сони етарли эмас. СИ таълимини ривожлантиришдаги учинчи асосий муаммо эса саноат билан интеграциянинг сустлигидир. Корхоналарда “data” йиғиш ва таҳлил қилиш маданияти етарли бўлмагани учун ўқувчи ва талабаларнинг реал лойиҳалар устида ишлаши қийинлашади, “data” бўлмаса, СИ амалда натижа бера олмайди. Шу сабаб “давлат — университет — саноат” ҳамкорлигини кучайтириш, қўшма лабораториялар яратиш ва пилот СИ лойиҳаларини молиялаштириш зарур.

Энг мақбул йўл — тизимлилик

Ўзбекистон учун стратегик йўналиш — мактабдан бошланиб, саноатгача давом этадиган ягона СИ таълим экотизимини яратиш. Мактабларда босқичма-босқич СИ фанларини ўргатишни йўлга қўйиш, олий таълимда эса бу фанларни янада юқори савияда ўзлаштириш учун давомчи курсларни очиш ҳамда саноатда эса “data” инфратузилмасини йўлга қўйиб, талабаларга амалий тажриба берувчи марказлар ташкил қилиш керак. Бироқ “сунъий идрок” таълимини шошилинч жорий этиш ҳам хавф туғдиради: инфратузилма ва кадрлар тайёр бўлмаса, сифат пасаяди; рақамли тенгсизлик ортади; ахлоқий ва ҳуқуқий масалалар эътиборсиз қолиши мумкин. Шу боис юқори технологиялар бўйича таълимни босқичма-босқич ривожлантириш, этик ва ахборот хавфсизлиги мавзуларини мажбурий киритиш, давлат-хусусий шериклик асосида барқарор СИ экотизимини шакллантириш энг мақбул йўлдир.

Пировардида Ўзбекистонда “таълим — тадқиқот — саноат” занжири шаклланиб, СИ инновациялари реал иқтисодий натижаларга айланиши мумкин. Бу модель мамлакатни рақобатбардош, технологик жиҳатдан етакчи давлатлар сафига олиб чиқадиган стратегик кучга эга. “Сунъий ақл”ни эрта босқичдан ўргатган давлатлар инновация яратиш, янги технологиялар ишлаб чиқиш ва глобал меҳнат бозорида етакчиликка эришаётгани амалий тажрибада кўринмоқда.

Рашид НАСИМОВ,

ТДИУнинг Сунъий интеллект кафедраси доценти,

Зиёда НОРҚУЛОВА,

кафедранинг катта ўқитувчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер