Судьялар олий кенгаши таркибини сайлаш масаласи кўриб чиқилди

23:03 17 Апрель 2026 Сиёсат
114 0

Жорий йилнинг 17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, судьялар мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда одил судловни таъминлашнинг институционал механизмларини ривожлантиришга қаратилган муҳим масала – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши таркибини сайлаш масаласи муҳокама қилинди.

Йиғилишда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш, фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, судьялар фаолиятида холислик ва мустақилликни таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда Судьялар олий кенгашининг ўрни ва аҳамияти алоҳида ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши таркибига номзодлар юзасидан киритилган тақдимномалар Сенат Кенгашида кўриб чиқилди.

Мазкур масала юзасидан Сенат Кенгашининг қарорига мувофиқ:

Н.Бобохонова Судьялар олий кенгаши раисининг ўринбосари, Т.Буваев, С.Давлетмуратов, Х.Садиков, Г.Шукурлаева ва А.Қодиров Судьялар олий кенгаши судьялари, С.Талипов Судьялар олий кенгаши котиби лавозимига сайланди.

Шунингдек, У.Мингбаев, Н.Рахимова, Ф.Эшматова ва М.Каландарова жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар олий кенгаши аъзолари этиб сайланди.

Йиғилишда сўзга чиққан сенаторлар мазкур тайинловлар суд тизимида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, судьялар корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек, суд ҳокимиятининг самарали фаолиятини ташкил этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Алоҳида қайд этилганидек, Судьялар олий кенгаши фаолиятининг самарали ташкил этилиши судьяларни танлаш, тайинлаш, шунингдек, интизомий жавобгарликка тортиш жараёнларининг холис ва адолатли амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер