«Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг эски таҳрирдаги қонундан асосий фарқлари нимада?

16:34 12 Август 2021 Жамият
1698 0

Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьялари фуқаролар билан учрашиб, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг мазмун ва моҳиятини тушунтириш мақсадида давра суҳбатлари, семинар машғулот дарсларини ўтказишда давом этишяпти. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди.

Шундай учрашувлардан бири «Агробанк» АТБ Тошкент шаҳар филиалида бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари Салима Ишанкулова ва Бахтиёр Мадаминов томонидан банк ходимларига «Судлар тўғрисида»ги Қонун юзасидан тушунтиришлар берилди.

- Мазкур Қонуннинг қабул қилинишига Президентимиз томонидан қабул қилинган қарор ва фармонлар асос бўлганлиги, бунда аввало жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда судларга келиб тушган мурожаатлари юзасидан сарсончиликка йўл қўйилмаслиги, барча ариза ва шикоятлар қонун талаблари асосида муддатида ҳал этилиши, судьяларнинг қонун олдидаги жавобгарлиги, ҳуқуқ ва бурчлар батафсил ёритиб берилганлиги хусусида батафсил тушунтиришлар бердик, - деди судья Бахтиёр Мадаминов.

Галдаги машғулот дарси эса Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институтининг 70 нафар тингловчилари иштирокида ўтди. Машғулот дарсини Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг судьяси Дилфуза Опаева очиб берди ва «Судлар тўғрисида»ги янги Қонуннинг асосий принциплари, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш механизмлари, суд мажлисларини оммавий ахборот воситалари орқали ёритишнинг хусусиятлари, фуқароларнинг судлар фаолиятига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг аҳамиятли жиҳатларига тўхталиб ўтди.

Сўнг Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Садоқат Сафоева сўз олиб, ўз чиқишида сўнги йиллардаги мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кенгайтириш, одил судлов самарадорлигини ошириш орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини янги босқичга чиқариш мақсадида «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг эски таҳрирдаги қонундан асосий фарқлари ва ўзига хос хусусиятлари ҳақида тўхталиб ўтди.

- Қонунга асосан судларнинг тузилмаси, туман (шаҳар) туманлараро, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар, Олий суд судлов ҳайъатлари, Олий суд Раёсати ва Пленуми ваколатлари доираси, судьялар мустақиллигининг асосий кафолатлари, судьяларнинг ҳуқуқий мақоми, судьялик лавозимига номзодлар ва уларга қўйиладиган талаблар ҳақида батафсил маълумот бердик, - деди Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Гулнора Мирзаалимова.

Шунингдек, учрашувда қатнашганлар томонидан берилган саволларга судьялар жавоб беришди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер