Солиқдан қарзингиз борми?

10:00 25 Май 2018 Жамият
2441 0

Уни ўз вақтида тўлаш барқарорлик гаровидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 17 апрель куни иқтисодиёт тармоқларида ҳисоб-китоблар тизимини такомиллаштириш, дебитор, кредитор ва бюджет олдидаги қарздорликни камайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар таҳлилига бағишлаб ўтказган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг мавжуд солиқ қарзларини ундириш бўйича мунтазам равишда тадбирлар ўтказилаяпти. Ана шундай тадбирларнинг бири Ўрта Чирчиқ туманида ташкил этилди.

Ўртасарой маҳалласида яшовчи Нортожи Холиқова ўтган йили ёз мавсумида яхши ният билан ошхона очган эди. Кузга келиб савдо ҳажми пасайиб кетганлиги сабабли корхона ёпилди. Лекин туман солиқ инспекциясини огоҳлантириш хаёлидан кўтарилди. Ўтган вақт давомида якка тартибдаги тадбиркорнинг солиқ олдидаги қарзи 1 миллион 500 минг сўмдан ошиб кетди. Қарздорликни ундириш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича Ўрта Чирчиқ туманлараро судининг буйруғи ижрога қаратилди. Тадбир иштирокчилари фуқаронинг яшаш манзилига чиқиб, мол-мулкини хатлаш жараёнида мавжуд қарздорлик тўлалигича қопланди.

Боғдорчиликка ихтисослаштирилган “Хосият — Наргиза” фермер хўжалигининг солиқдан қарзи 10 миллион сўмга яқинлашиб қолган эди. Хўжалик раҳбари ўайрат Аҳмедов шу куниёқ қарзнинг тўртдан бир қисмини тўлаб берди. Қолган қисмини эса бир ҳафта ичида тўлаши ҳақида тилхат ёзди. Ушбу мазмундаги тилхат шу куннинг ўзида 10 миллион сўм миқдоридаги қарзидан қутулиб, 6 миллион сўмга яқин қарздорлиги қолган “Кумуш тонг” фермер хўжалиги раҳбари Улуғбек Муҳиддиновдан ҳам олинди.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ўрта Чирчиқ тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан йил бошидан буён боқимандаликни қисқартириш бўйича олиб борилган тадбирлар натижасида юридик шахсларнинг салкам 8 миллиард сўмлик қарзининг 3 миллиард сўмдан кўпроғи ундирилди. Жисмоний шахсларнинг йил бошидаги салкам 2 миллиард сўмлик қарздорлигининг эса тўртдан бир қисми тўланди. Якка тартибдаги тадбиркорлар қарзларини ундириш бўйича ҳам деярли ана шундай натижага эришилди.

Туманда бўлиб ўтган мазкур тадбирда қатнашганлар аксарият ҳолларда қарздорлар эътирозига гувоҳ бўлдилар.

Гап шундаки, фуқароларнинг солиқ олдидаги қарзлари ҳақидаги маълумотлар, бу ҳақдаги суд ҳужжатлари аксарият ҳолларда жойларга ўз вақтида етиб бормаяпти. Бу эса, ўз навбатида, ўзаро ахборот алмашиш тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасидаги тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини ошириш лозимлигини тақозо этади.
Ушбу йўналишдаги тадбирлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам бўлиб ўтмоқда.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер