Солиқ кодексининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлиси кун тартибидаги навбатдаги масала — «Солиқни ҳисоблаб чиқариш тартибининг айрим қоидалари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокамалар марказида бўлди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан, Солиқ кодексининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Хусусан, Кодекснинг 461 ва 462-моддаларига ўзгартиришлар киритиш орқали, тадбиркорлик субъектларининг бўш турган бинолари, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари шунингдек, қурилиши тугалланмаган объектларига нисбатан солиқ ставкасини ошириш тарзидаги таъсир чоралари қўлланилмаслиги муносабати билан ушбу тоифадаги солиқ тўловчиларни мажбурий тарзда қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини тўлашга ўтказиш амалиёти бекор қилинмоқда.
2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда эса электротехника тармоқ корхоналарининг ихтисослаштирилган марказларининг объектлари ва улар эгаллаган ер участкалари бўйича мол-мулк ва ер солиқларини ҳисобланган суммадан 1 фоиз, ижтимоий солиқни ҳам 1 фоизли ставка бўйича тўлаши назарда тутиляпти.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор саволларни ўртага ташлашди. Лойиҳадаги айрим нормалар бўйича асосли таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Қонун лойиҳаси қизғин муҳокамалар, савол-жавоблардан сўнг иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг