Солиқ идоралари қўллаётган айрим жарималар сони ва миқдори мени хавотирга солмоқда — Президент

14:37 20 Август 2021 Иқтисодиёт
1241 0

Аввалроқ, Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Унда давлат раҳбари солиқ тизимини такомиллаштиришга оид янгиликларни маълум қилди.

«Солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, солиқ идораларининг назорат функцияларини такомиллаштириш юзасидан жиддий чораларни амалга оширишимиз зарур.

Келгуси йил 1 январдан бошлаб солиқ идоралари ўз электрон дастурлари орқали бизнес субъектларига ҳисоботларини шакллантириш хизматини йўлга қўяди.

Ҳозирда, 228 мингта кичик тадбиркорларда бухгалтер йўқ. Оқибатда, солиқ ҳисоботларини камчиликлар билан топширган 32 мингга яқин тадбиркорга молиявий жарима солинган.

Ҳисоботларни кечиктириб топшириш билан боғлиқ молиявий санкцияларни қўллаш тартиби эса тўлиқ бекор қилинади.

Шунингдек, солиқ идоралари қўллаётган айрим жарималар сони ва миқдорининг ортгани, мени хавотирга солмоқда. Ўтган йили камерал назорати натижасида 336 та корхонага 51 миллиард сўм молиявий жарима қўлланилган бўлса, жорий йил 6 ойда 3 мингдан зиёд тадбиркорларга 900 миллиард сўмдан ортиқ жарима белгиланган.

Шунинг учун Қўчқоров, Ишметов, Қудбиев, Давлетов, Қосимов бир ой муддатда, солиқ идораларининг камерал назорати натижасига кўра, молиявий жарима қўллаш амалиётини бекор қилиш бўйича таклиф киритсин.

Олтинчидан, амалдаги тартибга кўра, тадбиркорлар қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисобот топшириши билан бирга, ундаги фарқни қайтариш учун солиқ идораларига алоҳида мурожаат қилишга мажбур.

Бу – 14 минг тадбиркорнинг фаолиятига бевосита боғлиқ бўлиб, улар учун қўшимча вақт, ортиқча сарсонгарчилик дегани.

Ишметов, Қудбиев бу масалани чуқур ўрганиб, келгуси йилдан қўшилган қиймат солиғини қўшимча ҳужжатсиз қайтариш тартибини амалиётга жорий этсин.

Еттинчидан, «Саг-Агро» корхонаси раҳбари Камол Абдуллаев ва бошқа 200 дан ортиқ тадбиркорлар солиқ ва божхона идораларига тўланган қўшилган қиймат солиғини «зачёт»га олиш, яъни ўзаро ҳисоб-китоб қилиш имкониятини сўраган.

«Саг-Агро» корхонасининг солиқ базасида 700 миллион сўм ортиқча тўлови бўла туриб, божхонада 1,4 миллиард сўм қўшилган қиймат солиғини қўшимча тўлашга мажбур бўлган.

Шунинг учун, келгуси йилдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олишда солиқ ва божхона идораларининг электрон базалари ўзаро боғланади.

Яъни, солиқ идораларида мавжуд қўшилган қиймат солиғи ортиқча тўловлар божхона тўловларини амалга ошираётганда ҳам инобатга олинади. Ушбу енгилликдан 10 мингдан зиёд тадбиркор фойдаланиши мумкин бўлади», деди давлат раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер