Соғлом рақобат бор жойда ривожланиш бўлади
28 май куни Президентимиз раислигида иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинган эди.
Маълумотларга кўра, юртимизда 31 та товарлар гуруҳи ва 82 турдаги хизматлар бозорида 245 та корхона монопол ҳолатда сақланиб қолмоқда. Лекин бир қатор йўналишларда рақобат муҳити шаклланиб бўлган 19 хил маҳсулот ва хизматлар бўйича 70 та корхонани монополистлар реестридан чиқариш белгиланган.
– Рақобат бўлмаса, сифат бўлмайди, нарх тушмайди. Замон ўзгаряпти, лекин монопол корхоналар ўзгара олмаяпти. Қатъий чоралар кўриш вақти-соати келди. Иқтисодиётда бу ҳаёт-мамотимиз. Агар раҳбарлар шунга муносиб бўлса, ишлайди, бўлмаса – кетади, – деди Президентимиз йиғилишда.
Дунё тажрибасидан маълумки, монополиядан чиқариш, рақобатни таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича якдил йўналиш бўлсагина давлат ривожланади. Юртбошимиз томонидан рақобатни ривожлантириш ва монополияга қарши курашиш борасида мутлақо янги тизим яратиш лозимлиги таъкидланди. Хусусан, бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида монопол корхоналарнинг раҳбарлари ва ҳокимлар учун рақобатни ривожлантириш йўналиши бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш, ўқув жараёнига халқаро молия ташкилотларидан эксперт ва профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш вазифаси юклатилди.
Бундан ташқари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар ҳам батафсил таҳлил қилинди. Ўтган йилда истеъмолчилардан тушган 11 мингдан ортиқ шикоятларнинг 50 фоизи коммунал ва транспорт, 25 фоизи савдо, қолган 25 фоизи алоқа, молиявий хизматлар ва бошқа соҳаларга оид. Бунга асосий сабаб – монопол корхоналар ўз манфаатига мослаб ҳужжатлар ишлаб чиққан бўлиб, уларда истеъмолчилар манфаати тўлиқ инобатга олинмаган. Келгусида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ваколатларини кенгайтириш муҳим.
Жаҳон бозорида рақобат тобора авж олиб бораётган бир шароитда алоҳида минтақалар ёинки давлатлар иқтисодий тизими қандай ривожланишини олдиндан башорат қилиш тобора мушкуллашмоқда. Табиийки, бу жараёнда мамлакатлар тараққиёти барқарорлиги ҳамда фуқаролар фаровонлигини таъминлайдиган инновациянинг аҳамияти янада ортади. Шу сабабли ҳам жаҳоннинг кўплаб тараққий этган давлатлари инновацион иқтисодни ўзларининг асосий стратегик мақсадлари сифатида эътироф этмоқда. Зеро, айнан инновацион иқтисод мукаммал ташкил этилган бўлса, ишлаб чиқариш ҳажми ошади.
Улуғбек ФАЙЗИЕВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг