“Сизга ҳайитлик олиб келдик”

18:42 19 Апрель 2023 Жамият
639 0

Меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат айёми Рамазон ойи муносабати билан жойларда эҳтиёжмандларни йўқлаш тадбирлари давом этмоқда. Эзгу иш муқаддас байрамимиз – Ийд ал фитр арафасида янада кенг қулоч ёйиб, маҳаллий ҳокимият, меҳнат жамоалари, ҳомий ташкилотлар вакиллари ижтимоий ҳимояга муҳтож юртдошларимиз хонадонларига ҳайитлик туҳфалари билан кириб боришмоқда.

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманининг Исвахон маҳалласида яшовчи Турсунхон ая Ғойназарова умрини халқ хизматига бағишлаган, нафақага чиққач ҳам кўпчиликнинг яхши кунларига ҳамроҳ бўлган табаррук аёл. Кексалик боис юришга анча қийналиб қолган онахоннинг ҳовлисига байрамолди йўқлови билан кириб борган вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вакиллари у кишига ногиронлик аравачаси ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини топширди

- Юртимизда ҳеч ким эътибордан четда эмаслигини яхши биламан,-дейди Турсунхон она.- Мана, бугун ногиронлар аравачасини уйимга олиб келиб беришди. Энди, кўча-куйга бемалол чиқиб, қўни-қўшнилар билан кунда кўришиб тураман. Биз каби нуронийлар дардига малҳам бўлгувчи яхши инсонлар муродига етсин, илоҳим.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида бутун дунё мусулмонлари қатори халқимиз учун эзгулик, меҳр-мурувват, саховат, олижаноблик ва шукроналик тимсоли бўлган ойни муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш, диний-маърифий, маданий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш каби ишларига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоянинг изчил ижроси амалда ўз исботини топмоқда.

- Муқаддас Рамазон ойи давомида хайр-саховат ишлари янада кучай  ди,-дейди вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бошқаруви раисининг ўринбосари Жобирхон Шокиров. – Шаҳар ва туманлардаги барча маҳаллаларда фаоллар, кексалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун ифторлик дастурхонлари ёзилди. эҳтиёжманд оилалар аҳволидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди, хайрия ишлари чоғида 12 кишига ногиронлик аравачаси, 11 кишига эшитиш мосламаси етказиб берилди. Айни кунларда савобли юмушларни давом эттириш баробарида бўсағада турган хайит айёмини муносиб нишонлашга астойдил тайёргарлик кўрилмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер