Сиз-ла ҳаёт бардавом
Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройига жам бўлган минглаб хотин-қизлар тимсолида ҳам аёл зотининг меҳнат ва машаққатлар ичра кўтарилган қадди, нафосат ва ҳаёга ўралган муҳтарам сиймоси гавдаланди.
Тантаналар залига хушнуд қадамлар билан кириб келаётган нуроний онахонлар, миллатимиз фахр-у ифтихорлари бўлган фермер, педагог, олима, санъаткор, шифокор, ҳарбий, иқтисодчи, тадбиркор, ҳунарманд аёллар ва она юртнинг бахтли қизлари, дилбар опа-сингилларимиз эҳтиром рамзи –гуллар билан кутиб олинди.
Сарой фойесида ташкил этилган миллий кўргазма Фарғона аёлларининг меҳнатсеварлиги, нозик диди ва маҳоратидан сўз очди.

Байрам тадбирини вилоят раҳбари Ш. Ғаниев очди ва тантанага йиғилганлар тимсолида вилоятимизнинг барча хотин-қизларини гўзал айём билан қутлади.
Вилоят раҳбари муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фарғоналик аёлларга байрам табригини етказар экан, бугунги кунда хотин-қизларимиз ўзининг билим ва тажрибаси, етакчилик ва ташаббускорлик салоҳияти билан жамиятимизнинг юқори мавқеларини эгаллаб келишаётгани, ҳаётимизда тобора катта ўрин олаётган фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, юқори технологияларга асосланган замонавий тармоқлар, илм-у фан, тиббиёт, таълим-тарбия, маданият ва санъат каби ўнлаб муҳим соҳаларда хотин-қизлар фаоллиги ошиб бораётганлигини алоҳида таъкидлади, айниқса, республикамиз Парламентида фарғоналик аёлларнинг сон ва салмоғи юқори эканлиги фахр билан тилга олди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, фидокорона ва самарали меҳнатини рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган “Мўътабар аёл” кўкрак нишони бу йил ҳам ўзининг муносиб соҳибаларини топди. Ушбу юксак эътирофга сазовор бўлган Лариса Денисова, Зебихон Рустамова, Мавжуда Хурсанова, Юлдузхон Олимова, Ёрқиной Эргашева, Мастурахон Зияева сингари 21 нафар фарғоналик аёлларга ушбу кўкрак нишони тантанали топширилди.
-Ушбу мукофот мен орқали барча фарғоналик олима аёлларимизга берилди, -дейди Фарғона давлат университети тупроқшунослик кафедраси профессори Саноатхон Зокирова. -Хотин-қизларнинг илм-фан ривожи йўлидаги изланишларини қадрлаётган юртимизга, Юртбошимизга раҳмат.

Вилоят ҳокимлиги томонидан барча туман — шаҳарларлаги энг илғор, намунали, ташаббускор ва тадбиркор хотин-қизлар, фаол ва ибратли оилаларни аниқлаш мақсадида ташкил этилган кўрик-танловнинг 15 та номинацияси бўйича ғолиблар номи эътироф этилди, уларга вилоят ҳокимлигининг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
- Оилада уч ўғилни эл корига ярайдиган инсонлар этиб камолга етказдик, — дейди танловнинг“Энг намунали шифокорлар оиласи ” номинацияси ғолиби, Ёзёвон тумани тиббиёт бирлашмаси шифокори, олий тоифали акушер-гинеколог Мавлуда Файзуллаева. –Турмуш ўртоғим ҳам шифокор-анестезиолог. Ўзаро меҳр-оқибат, илмга ҳурмат, элга хизмат, давлат ва юрт ишига сидқидилдан бел боғлаш оиламизнинг қутлуғ шиори. Бугунги рағбат эса бизни янада ибратли ва фидойи бўлишга ундади.
Санъат усталари, хонанда ва ёш ижрочилар иштирокидаги бадиий-мусиқий дастур намойиш этилиб, гўзаллик байрами шукуҳи янада ортди.
Элёржон ЭҲСОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг