Сирдарёдаги “Қўйботган” коллектори таъмиридан сўнг 1600 гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланади

17:58 23 Ноябрь 2023 Жамият
290 0

Фото: “Халқ сўзи”

Гулистон туманидаги 83 километрлик “Қўйботган” коллекторини таъмирлаш ва тиклаш ишларининг биринчи босқичи тугалланди.

Мазкур тармоқнинг тўлиқ таъмиридан сўнг туман ҳудудидаги 1600 гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланади. Бир неча юз гектардаги ўрта шўрланиш ҳамда сизот сувларнинг ер юзасига яқинлиги бартараф этилади ва коллектор атрофидаги барча экин майдонларидан юқори ҳосил олиш имконияти яратилади.

— Ҳозиргача коллекторнинг 42,42 километр қисмида таъмирлашни тугатдик, — дейди Қўйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси қурилиш–таъмирлаш ишлари бош мутахассиси Ғофуржон Оқжигитов. — Жорий йилда 852 километр коллекторни таъмирлаш белгиланган эди. Ҳозиргача 810 километрида айни иш ниҳоясига етказилди. Шунингдек, 216 та мелиоратив тик дренаж қудуқлардан 204 таси соз ҳолатга келтирилди. Сирдарё туманидаги 100 километрлик “Шўрўзак” туманлараро коллекторини тизимли таъмирлаш – тиклаш ишлари ҳам тугалланиш арафасида.

Сирдарё вилоятида мелиоратив иншоотларни таъмирлаш- тиклаш бўйича 2023 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар тўлиқ бажарилгач, 25 минг гектар экин майдонининг унумдорлиги ошиши кутилмоқда. Эътиборлиси, шу кунларда Қўйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида коллекторлар четига кўчатлар экилиб, мевали ва манзарали боғлар ҳам яратилаётир.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер