Сирдарёда ёшлар “Йўловчилар боғи”ни яратмоқда
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ/“Халқ сўзи”. Сирдарё вилоятининг фаол ёшлари 10-20 ноябрь кунлари “М-34” автойўлининг Сирдарё туманидаги Исломобод маҳалласидан ўтган қисмида “Йўловчилар боғи” барпо этиш акциясини ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Улар вилоят ёшларини “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этишга чақирди.
Қолаверса, вилоятдаги ёш фермерларнинг “Яшил макон”нинг кузги мавсумига қўшадиган ҳиссаси ҳам катта бўлиши кутилмоқда. Улар томонидан 50 минг тупга яқин мевали ва манзарали дарахт ниҳоллари экилиши белгиланган.

— Йўл атрофини боғлар, яшилликка бурканишининг фойдаси кўп, — дейди Гулистон давлат университетининг табиий фанлар факультети декани Шаҳобиддин Турдиметов. — Кўча боғлари транспорт қатновидан ҳосил бўладиган чанг ва зарарли газларни ютади. Яна дарахтлар кўп ерда микроиқлим юзага келади. Бундай жойларда жазирамада ҳам ҳарорат бошқа манзилларга қараганда паст бўлади. Ёшларнинг йўллар бўйида “Йўловчилар боғи” ташкил этиш бўйича ташаббуси таҳсинга лойиқ.
Маълумот учун: “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумида Сирдарё вилоятида 5 млн 283 минг дона манзарали, мевали ва бута кўчатлари экиш белгиланган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг