Сирдарёда «Мактаб учун минг китоб» лойиҳаси ўтказилмоқда

14:10 13 Март 2025 Жамият
340 0

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Сирдарё вилоятида «Мактаб учун минг китоб» лойиҳаси орқали кўплаб юртдошларимиз мактаб кутубхоналарининг адабиёт фондини бойитишга ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида «Сиз ўзингиз ўқиган мактабга китоб совға қилдингизми?» деб номланган акция ҳам бўлиб ўтмоқда.

Эътиборлиси, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур маънавий-маърифий хайрия тадбирида иштирок этишни истаган барча учун мактабларнинг ўзида китоб савдо-кўргазмалари ҳам ташкил қилинмоқда. Айни қулайлик туфайли таълим маскани кутубхонасида мавжуд бўлмаган, яъни зарур адабиётларни олиш ёки уларга буюртма бериш имконияти ҳам яратилаётир.

— «Мактаб учун минг китоб» лойиҳаси туфайли мактаб кутубхоналарининг адабиёт фонди сезиларли даражада кўпаймоқда, — дейди Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Муҳаммадризо Эрматов. — Ҳозирда 312 та мактабнинг зиё масканларидаги жами адабиётлар сони 474 196 та. Бу эса ҳар бир ўқувчига 3,1 тадан китоб тўғри келади дегани. Ушбу кўрсаткич ҳар бир ўқувчи ҳисобига белгиланган меъёрдан бироз кам. Айни амалга оширилаётган лойиҳа ҳамда бу борада белгиланган бошқа вазифалар натижасида мактаб кутубхоналаридаги адабиётлар миқдори ҳар бир ўқувчи ҳисобига меъёрда белгилаганидек, яъни 5-7 таданга етказилиши кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер