Сирдарёда инклюзив аукцион ўтказилди
Сирдарёда бу йилги Наврўз яна бир хайрли ва ибратли иш билан бойиди. Асосий тантана бошланиши арафасида Гулистон шаҳридаги истироҳат боғида ўтказилган инклюзив хайрия аукциони байрамга алоҳида шукуҳ ва мазмун бағишлади.
Айтиш лозимки, аукцион эзгулик ва меҳр-оқибат майдонига айланди. Унда ёш ижодкорларнинг қўл меҳнати намуналари — картиналар, декоратив буюмлар ва санъат асарлари намойиш этилди. Ҳар бир асар ортида меҳнат, сабр ва катта орзу мужассам. Ана шу ижодий меҳнат мазкур аукционда ўзининг муносиб қадрини топди.
Гап шундаки, имконияти чекланган ёшлар учун бу тадбир ўзини намоён қилиш, ўз овозини эшиттириш учун катта имконият бўлди. Аукционда уларнинг жами 86 та ижодий асари савдога қўйилиб, 562 млн. сўм маблағ жамланди.
Аукцион жараёни қизғин ва самимий руҳда ўтди. Меҳмонлар ҳар бир асарни харид қилиш орқали нафақат санъатни қадрлади, балки ҳар бир боланинг тақдирига бефарқ эмаслигини намоён қилди.
Маълум қилинишича, йиғилган маблағ оғир хасталик билан курашаётган болаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Муҳими мазкур аукцион шунчаки тадбир эмас, балки умидни уйғотган, ишончни мустаҳкамлаган, инсонийликни намоён қилган эзгуликка тўла қалблар байрами бўлди.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи“.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг