Сирдарёда чегарадош давлатлар иқтисодий-маданий форум бўлиб ўтди
Фото: Халқ сўзи
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон давлатларининг Сирдарё билан чегарадош вилоятлари ўртасидаги иқтисодий-маданий алоқалари кўламини янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилган форумда мазкур ҳудудларнинг барқарор иқтисодий ривожланиши, ўрта ва йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бугунги кунда Сирдарё вилоятида 15 минг нафардан зиёд қозоқ, 80 минг нафарга яқин тожик миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилиб келмоқда. Шу билан бирга вилоятдаги мавжуд 314 та мактабнинг 6 тасида тожик, 1 тасида қозоқ тилида таълим берилади.
Форумда маҳаллий ва қўшни мамлакатларнинг 200 га яқин етакчи ишбилармонлари, дипломатик корпус вакиллари ҳамда расмийлар иштирок этди. Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев қўшни давлатларнинг чегарадош ҳудудлари билан ўзаро маданий, савдо-иқтисодий алоқалар жадал ривожланаётганини таъкидлади.
Хусусан, ҳозиргача Сирдарё вилоятига Қозоғистон ва Тожикистон республикалари тадбиркорлари томонидан 80 миллион АҚШ долларидан зиёд инвестициялар киритилган бўлиб, 20 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилган. Бундан ташқари, ҳар ойда Қозоғистон ва Тожикистоннинг Сирдарё билан қўшни бўлган ҳудудларидан ўртача бир ярим минг бемор даволаниш мақсадида Гулистон шаҳрига ташриф буюрмоқда.
2023 йилнинг ўтган даврида Сирдарё вилоятининг ушбу икки мамлакат билан ўзаро товар айланмаси 136,2 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Ўтган 2022 йилда 38 миллион АҚШ долларлик маҳсулотлар (ип-калава, тери, полиз, дуккакли ўсимликлар ва керамик плиткалар, тиббий воситалар) ушбу давлатларга экспорт қилинди. 2023 йил якунига қадар эса экспорт ҳажмини 60 миллион АҚШ долларига етказиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, иштирокчиларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, хусусан, Сирдарё вилоятидаги бизнес муҳити, сармоя киритиш истиқболлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш омиллари тўғрисида маълумот берилди.
Меҳмонлар вилоятда ишлаб чиқарилаётган 350 дан ортиқ турдаги саноат, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмаси билан ҳам танишди.
Форум доирасида “G2B” вa “B2B” форматидаги учрашувлар ўтказилиб, иштирокчилар қўшма корхоналар ташкил этиш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш борасидаги масалаларни атрофлича муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган турли маданий-маърифий тадбирлар, қовун сайли, гастрономик кўргазма, қардош миллатлар вакиллари иштирокида бадиий кечалар ташкил қилинди. “Лайлаклар ўлкаси” номли тасвирий санъат намуналари намойиши, “Сирдарё — кеча, бугун, эртага” мавзусидаги кўргазмали тадбирлар бўлиб ўтди. Тўра Сулаймон номидаги амфитеатрда Сирдарё вилояти ташкил этилганининг 60 йиллигига бағишланган театрлаштирилган мусиқали концерт дастури намойиш этилди.
Форумнинг иккинчи куни меҳмонлар Сирдарё туманидаги қўшма корхоналар фаолияти билан танишди, сўнгра вилоят мусиқали драма театрида “Широқ” спектакли ва амфитеатр майдонида “Қардош халқлар дўстлиги” номли концертни томоша қилдилар.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг