Сирдарё вилояти делегацияси Қонликўл туманида ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича учрашувлар ўтказди

12:43 02 Март 2026 Жамият
288 0

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 23–24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида берилган топшириққа мувофиқ, мамлакатимиз вилоятлари Оролбўйи ҳудудларига бириктирилган. Жумладан, Сирдарё вилояти Қонликўл туманига бириктирилган.

Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегация Қонликўл туманида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Сафардан кўзланган асосий мақсад туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат бўлди. Делегация аъзолари қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаси ва инфратузилмани такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, ижтимоий объектларни таъмирлаш, янги иш ўринлари яратиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.

Тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқот давомида оилавий бизнесни кенгайтириш, қайта ишлаш қувватларини ташкил этиш орқали қўшимча даромад манбаларини яратиш юзасидан амалий режалар белгилаб олинди. Мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилиб, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Сафар доирасида муборак Рамазон ойи муносабати билан Қонликўл туманида ифторлик дастурхони ҳам ташкил этилди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Рамазон ойини муносиб ўтказиш, эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш ва саховат анъаналарини кенгайтиришга қаратилган ташаббуси асосида ўтказилди. Ифторликда нуронийлар, эҳтиёжманд оилалар, жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этиб, дуо ва эзгу тилаклар билдирилди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер