Швейцария мактабларни қайта тиклаш учун Украинага 6 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратади
Иллюстратив фото
Швейцария ҳукумати Украинадаги мактабларни тиклаш учун тахминан 6,1 миллион доллар ажратишга қарор қилган.
“Швейцариянинг таълим соҳасидаги ушбу ёрдами февраль ойида Федерал Кенгаш томонидан эълон қилинган ва парламент томонидан маъқулланган Украинага 140 миллион франк (тахминан 155 миллион доллар)лик ёрдам режасининг бир қисмидир”, — дейилади ҳукумат баёнотида.
Қайд этилишича, Украинага ёрдам пакети Швейцария Ташқи ишлар вазири Игназио Кассис томонидан тасдиқланган. Маблағлар 30 га яқин мактабни таъмирлаш ва ривожлантиришга мўлжалланган.
Аввалроқ, Швейцария Федерал кенгаши маҳаллий давлат мудофаа компанияси “Ruag“нинг Германиянинг ”Rheinmetall“ концернига Украинага топшириш учун мўлжалланган 96 та Леопард 1 А5 танкини сотиш бўйича сўровини қаноатлантирмаган эди. Унинг баёнотига кўра, Берн ўз қарорига Швейцариянинг нейтрал мақоми сабаб бўлган. Унда қайд этилишича, танкларни сотиш хусусан, ҳарбий мулк тўғрисидаги қонунга зид келади ва мамлакатнинг бетарафлик сиёсатини ўзгартиришга олиб келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Швейцария Киевга қуролларни реэкспорт қилишга рухсат беришга рози бўлган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг